www.ziyouz.com кутубхонаси
100
Улар қишлоққа ярим тунда кириб келишди. Лутфулла уйидагиларни безовта қилмаслик, ҳам
эрталаб барвақтроқ бойчечак теришга бориш учун болалари билан меҳмонхонага жойлашди.
Эрталаб нари-бери нонуштга қилиб олишгач, яна Азимжоннинг машинасига ўтириб, йўлга
тушишди. Қишлоққа чиқишгач, «Ўрга қараб ўрлаяпмиз», деди Лутфулла хотинига. Гулбаҳор бу
сўзни ҳам биринчи эшитиши эди. Кейин тош йўл уларни Оқдовонга олиб чиқди. Гулбаҳор бу
ернинг нима учун Оқдовон эканлигини сўрамоқчи бўлди-ю, тортинди. Азимжон машинани
секинлатиб, уларга атрофдаги манзараларни кўрсатиб борарди.
Тепаликдапг Қўштутдан ўтишгач, Лутфулла тезроқ “Жипор” тепа томон ҳайдашни буюрди.
У бойчечак теришга ошиқаётганди.
Кизиқ, қанчадан-қанча йўл босишди. Лекин, бойчечак кўринмасди. «У фақат маълум
жойларда очилади», деди эри. Ниҳоят, Сакратма деб аталган довондан ўтишгач
Жипор тепага
кўтарилиб, машинадан тушишди.
Тоғнинг кунгай бетида ингичка толали оппоқ бойчечаклар очилиб ётарди.
Лутфулла ёш боладек югуриб, ердаги бойчечакларни узмоқчи бўлди. Аммо, бойчечажнинг
ипдек томири анча чуқур эди.
У қўйнидан кийик шакли ишланган кичкина паккичани чиқарди. Ерни кавлаб-кавлаб,
бойчечакни қўлга олди. Уни димоғига келтириши билан ўзи унутаёзган ноаниқ бир ҳидни
туйди.
— Дадажон! Мана буёқда сариғи ҳам бор экан! — орқадан ўғлининг шодон овози эшитилди.
— Менга сариғидан олиб беринг!
Лутфулла йўлнинг у бетига ўтди. Пакки билан ер кавлаб болаларига бойчечак тера бошлади.
Болалари йўлнинг у бетидан бу бетига югуришар, қийқшришиб, отаси кавлаётган
бойчечакларни талашишарди.
— Босманглар, фақат босманглар! — деб тайинларди Лутфулла болаларига.
Ўзи бўлса тепаликнинг ўртасида туриб, ҳордиқ чиқарарди. Атрофидаги сокин тоғларга, кўм-
кўк ўрмонларга, ҳув қирда югуришиб, бойчечак тераётган болаларига, улардан сал наридаги
харсангтош устида ўтириб атрофга тўймай боқаётган хотинига тикилиб, қалби ғалати, таърифга
сиғмас, ширин ҳиссиётларга тўларди.
Гулбаҳорнинг ҳам шодлиги оламга сиғмасди. У юрагидаги барча гина-қудратларни,
кечагина эрини ранжитганларини тамомила унутган, юрагининг туб-тубидан оқиб чиқаётган
шодлик-бахтиёрлик ҳисси бутун вужудига таралиб қанот бағишламоқда эди. У атрофдаги
манзараларга суқланиб тикиларкан, эридан миннатдор бўлиб кетди. Кани энда ҳозир анави
йигитлар бўлмасаю, у эрининг қучоғига отилса... Аввалгидек, ҳа бир пайтларидагидек суйиб-
суйиб эркаласа...
«Ўзим ҳам кейинги пайтларда жуда инжиқ бўлиб кетибман, — деб ўйлай бошлади Гулбаҳор
ичида. — Бўлар-бўлмасга хархаша қилавераман. Сал нарсага рашк қилавериб унинг ҳам жонига
тегиб кетдим. Нега унга ишонмай қолдим ўзи?! Ахир, мени яхши қўришини ҳар кун, ҳар
дақиқада сезиб турибман-ку! Яхши кўрмаганда мени ҳар ёқларга олиб юрмасди-ку! Мана шу
ёқларга ҳам олиб келармиди?! Агар ўша... ўша... Гулбаҳорнинг юраги орқасига тортиб кетди.
Хаёлига келган фикрдан ўзи ҳам чўчиб кетди. Худо кўрсатмасин, ростдан ҳам битта яримта
юрадигани бўлса, ўшани олиб келмасмиди?! Ўйнаб кетган бўларди. Болалари билан қийналиб,
бизни судраб юрармиди?!»
Ўзи ҳар сафар ҳам шунақа бўлади. Гулбаҳор қачон зри бирор иш билан кеч қолиб, уйга
барвақт қайтмаса, юзхил хаёлларга бориб, ич-этини еб ўтирарди. У келгандан кейин эса,
ўзидан, ё бирга келган ошна-оғайниларидан нега кеч қолишганининг сабабини билиб, ноўрин
рашк қилганидан, бекорга ўзини қийнаганлигидан афсусланарди. Шунда ҳар сафар «иккинчи
марта рашк қилмайман», деб қасам ичар, аммо, кеч кириб, эри келадиган вақтдан сал ошгач, яна
тоқатсизлана бошларди.