www.ziyouz.com кутубхонаси
27
— Пўлат ака, ярим йилдан бери мен билан оворасиз. Қанча ўйинлардан, мусобақалардан
қолиб кетдингиз. Мен тузалмайдиганга ўхшайман. Қўйинг энди. Мени деб ҳаётингизни
бузманг. Уйланинг. Бола-чақа қилинг.
— Отинойилардек гапираяпсиз-а?— ичини ит тимдалаб кетган бўлса ҳам ҳазил қилди
Пўлат. — Уйланаман, майли. Сиздақа қиз учрасин. Ҳали учрагани йўқ.
Ойдин жилмайди. Тақдир уни шундай йигитга дуч келтирганидан, ҳозир у рўпарасида
ўзининг йирик меҳр тўла кўзларини унта тикиб ўтирганидан хурсанд эди. Кошкийди туриб
кетса! Ундан бахтли одам бўлмасди дунёда. Дилида унинг жавобидан мамнун бўлган бўлса ҳам
эътироз билдирди:
— Яхши қизлар кўп. Кетингиздан юрганларнинг ўзи сон мингта.
— Хабар келиб турадими?
— Ҳар бир қадамингиз ҳисобда.
— Унда уйланишим аниқ экан. Айтинг одамларингизга, ўзлари топиб беришсин. Фақат оти
ҳам Ойдин бўлсин. Келишдикми?
— Келишдик.
Ойдин унинг қўлларинн ҳовучига олди, ғадир-ғудур бармоқларини битта-битта силай
бошлади. Пўлат анча ўтирди олдида. Тунги дорилар билан шприц кўтариб ҳамшира
киргандагина хайрлашиб ўрнидан турди.
Йўқ, унга Ойдиндан бошқа ҳеч ким керак эмас. У ўз ҳаётини бошқа қиз билан тасаввур
қилолмайди. Ойдин унга ачинаяпти, ҳазилнинг таги зил, у унинг уйланишини астойдил
истаяпти. Уни яхши кўради. Яхши кўрмаса бундай демасди. Пўлат ҳам уни яхши кўради.
Айниқса, фожеадан сўнг Ойдинга боғланиб қолди. Раҳмдилликми бу, муҳаббатми, билмасди.
Буни фарқи ҳам йўқ эди. У албатта, кутади. Ойдиннинг соғайиб кетишига ишонади. Наҳотки
шундай қиз туриб кетмаса?! Аммо эртасига касалхонага келганида профессорнинг ўзи уни
чақирди.
— Биз консилиум қилдик, — деда у ўтиришга таклиф қилар экан, — Ойдинхонга жавоб
бермоқчимиз. Билганимизни, имкониятимизда борини қилдик. Буёғига биз ожизмиз. Яшайди,
узоқ умр кўради. Аммо юрмайди. Ажаб змас туриб кетса. Ҳозир бир нарса дейиш қийин.
Бу гапларни Пўлат бутун вужуди муз бўлиб эшитди. Анча вақт икковлари нима
дейишларини билмай ўтиришди. Охири Пўлат ўзини тутиб олиб сўради.
— Ўзи биладими?
— Ҳа. Боя айтдик. Лекин қараб туришимизни, умидни узмасликни ҳам айтдик. Баъзан
ирода, умид дори-дармондан кучли. Сиз ҳам умидвор бўлинг, Пўлатжон!...
Пўлат унинг сўнгги гапларини эшитмай, кабинетдан чиқди. Нима қилиш керак? Биринчи
галда Ойдинни кўриши, уни юпатиши керак!
У шу ният билан палатага отилиб кирди.
— Эшитдингизми? — унинг авзойини кўриб сўради Ойдин. — Эртага олиб кетишади уйга.
Биласизми, яхши бўлди. Уйни жуда соғинган эдим... Ўтиринг.
У ёнидаги стулга ишора қилди. Пўлат ўтиргач, жилмайди.
— Кеча гапимизга фаришталар омин деган экан. Энди шундай қилишингиз керак. Мен
сиздан розиман. Тақдир экан, йўлимиз бўлинди. Ўзингизга қаранг энди. Мен сизга бахт
келтирмадим. Энди буёғига бахтли бўлинг... Сизга тўсиқ бўлишни истамайман!
— Нималар деяпсиз, Ойдин!— Пўлат жаҳл билан ўрнидан туриб кетди. — Тузалиб кетасиз!
Менга сиздан бошқа ҳеч ким керак эмас!
— Раҳмат! Шу гапингиз билан мен бахтлиман. Лекин буёғига энди мени, ногирон одамнинг
гапини эшитинг. Мени қўйинг. Ўзингизни ўйланг! Шундай қилмасангиз, рози бўлмайман.Энди
кетинг. Илтимос. Илтимос...
Ойдин бошини бир кўтариб орқага ташлади-да, қўллари билан юзини беркитди.