www.ziyouz.com кутубхонаси
50
Хайриддин СУЛТОНОВ
ҒУЛОМГАРДИШ
— Э, бўлди-да, ота, одамни номусларга ўлдирдингиз-ку! Шу ердан кўчиб кетсам
қутуламанми сиздан?!
Дадаматов ахийри шундай деди. Саноқул бобо мажбур қилди. Дадаматов жаҳл устида
шундай деди-ю, энди пушаймон бўлиб ўтирибди. Пушаймон бўлгани сари эса баттар аччиғи
чиқмоқда.
Аслида, нега шунчалик тутаққанига ўзи ҳам хайрон.
Саноқул бобо унн урмаган бўлса, сўкмаган бўлса, туҳмат-маломат қилмаса, ундан бир таъма
тиламаса... Айби — канда қилмай ҳар куни салом берганию дуои жонини қилиб турганими?
Наинки шунинг учун киши бировдан ранжиса?Айниқса, Дадаматовдек зуваласи лойдан
эмас, мумдан ясалган мулойим бир одам, шунинг учун бировни ранжитса? У наҳот шу умидда
юртига кўчиб келган бўлса?
Ақл бовар қилмайди. Менинг, масалан, бунга сираям ишонгим келмайди. Чунки Бегмат
Дадаматовни беш қўлдай яхши биламан. Билганим учун ҳам шу гапларни ёзиб ўтирибман.
Келинг, унинг кимлиги ҳақида сизга ҳам анча гапириб берай.
Хўш, Дадаматов Бегмат Эрматович, урушдан аввал, ўттиз олтинчи йили бизнинг
қишлоғимизда туғилган. Ҳамма қатори ўқиб, ҳамма қатори машаққату дард-аламлар тортиб,
кон техникуми, кейин шу соҳанинг институтини тугатиб, қишлоғимизга қайтиб келмади —
Шарғунга, кўмир конига ишга кетди. Кишлоққа кам келарди, аҳён-аҳёнда — Май байрами ёки
Янги йил арафаларида тили бизнинг лаҳжаларга ўхшамайдиган, кўзлари катта-катта, чиройли
хотини билан паст-баланд кўчаларимизда пайдо бўлиб қоларди. Бегмат Дадаматов маржон
шодасидек тиғиз қишлоғимиздан узилиб кетган биринчи дона эди, шу боисмикан,
кўпчиликнинг назарида алланечук ғалати, жуда оқпадар бўлмаса ҳамки, ҳар қалай, дарбадар бир
кимса бўлиб кўринарди.
Бегмат Дадаматов, табиийки, бу гаплардан бехабар, шунинг учун ҳам парвойи фалак юрар
эди. Кейин-кейин, у кекса отасию қари онасини кўргани келаркан, хотини билан бирга бежирим
кийимлар кийган ўғил-қизларини ҳам эргаштириб келадиган бўлди. Болаларининг тилиям
бизнинг лаҳжаларга ўхшамас, бинобарин, бегона эди.
У биринчи марта қишлоққа сутранг «Волга»да кириб келганида, ҳар турли миш-мишлар
тарқади. Бировлар: «Кўтарилиб кетибди, машина олиб юраркан», деди, бировлар эса: «Эрмат
сариқнинг ўғли кўмир эмас, пул конида ишларкан», деди. Кимлардир суюнди, кимлардир
куйди.
Бир куни Дадаматов, қайсидир байрамда, чол-кампирни зиёрат қилгани келиб, отасини
касал ҳолда кўрди, онаси бошида сув томизиб ўтирарди. Ўртада қандай гап-сўз ўтгани бизга
номаълум, аммо бир ҳафтадан сўнг Дадаматов қишлоққа кўчиб келди. Энди «Волга»си йўқ эди.
Яна миш-миш тарқади: «У ишдан ҳайдалиб кетибди», «Бало экан, ҳовли-жойнинг умидида...
ҳаҳ, моли дунё ўлсин ширин бўлмай... »
Тешик қулоқ, Бегмат Дадаматов, табиийки, бу гаплардан энди хабар топмай қолмади, лекин
барибир парвойи фалак юраверди. Ҳатто беписанд кулиб қўйганини ҳам биров кўрмади.
Хуллас, қишлоқ унга кўникди — ортиқ номини сақич қилмай қўйди.
Дадаматов озроқ муддат чол-кампирнинг каталакдек уйида яшади, кейин, кузга бориб,
Даламаҳалладан анчагина бадастир ҳовли-жой сотиб олиб, кўчиб ўтди. Район марказига —
электр идорасига ишга кирди. Тили бизнинг лаҳжаларга ўхшамайдиган ўғил-қизлари қишлоқ
болалари билан бир мактабда ўқий бошлади. Хотини ҳамшира экан, касалхонага жойлашди.
Дард бошқа — ажал бошқа, шифтга боқиб умри ўтган Эрмат бобо кўкламга чиқиб
Қуёш фасли. Ҳикоялар
Достарыңызбен бөлісу: |