www.ziyouz.com кутубхонаси
51
кўрмагандек бўлиб кетди, кутилмаганда отга, беданага меҳр пайдо қилди, тагида булутдек
айғир, устида почапўстин, қўйнида бедана, қаерда улоқ, қаерда пойга бўлса, барида ҳозиру
нозир. Орада унинг оғзига сув томизиб ўтирган кампири бирданига омонатини топширди. Чол
ҳозир саксон учда, қайсарлик билан ҳамон ўзининг ҳовлисида, ўн олтига кирган невараси
Шермат билан тирикчилик қилади, аҳён-аҳёнда нега менга кампир топиб бермайсан, деб Бегмат
Дадаматовга ғалва қилиб қўяди. У эса бунга жавобан кулади, холос.
Бегмат Дадаматов ҳақидаги гапга шу ўринда нуқта қўйсак ҳам бўларди, лекин Саноқул
бобо... Дарвоқе, Саноқул бобо! Агар Саноқул бобо бўлмаганида, ҳикоямизнинг ҳам ҳеч бир
ҳикоялик ери қолмасди.
Саноқул бобо, Бегмат Дадаматовнинг ҳаётида ҳам, худди шу ҳикоядагидек, мутлақо
тўсатдан пайдо бўлди.
Саноқул бобони мен ҳам танирдим. Кутубхонадан китоб олгани борганимда кўрардим. Кўча
бошидаги харсанг тошда, ҳассасини иягига тираб, кўзларини чала юмиб, носнинг кайфини
сурганча офтобшувоқда мудраб ўтирарди. Салом берсангиз, хафа бўларди, кайф қочса керак-да.
Дадаматовнинг олган ҳовлиси кутубхонанинг орқасида, шундоққина сой бўйида эди ва
аччиғичакдай тор бир кўчадан юриб, Саноқул бобонинг қўҳна ёғоч дарвозаси олдидан ўтиб,
асфальт йўлга чиқиларди.
Ҳамма машмаша Дадаматов кўчиб келганининг иккинчи ҳафтасидан бошланди
Сешанба куни эрталаб шошиб ишга бораётса, нимдош кўк яктак кийган, чувак юзли,
пишшиқ бир чол тавозе билан салом берди:
— Э, ассалому алайкум, тўрам!
Дадаматов гангиб тўхтади, гарчи атрофда ўзи ва рўпарасидаги чолдан бўлак кимса бўлмаса-
да, ёнверига аланглади, сўнг ҳайронлик билан, музтар ва хоксор қўл қовуштириб турган қария
томон юрди, сўрашгани қўл чўзди:
— Ассалому алайкум, ота.
Шунда чол ёшига ярашмаган абжирлик ила чаққон югуриб келди, унинг кафтини қўшқўллаб
кафтига олди, кўзига суртгудек бир алфозда товуши товлашиб деди:
— Бардам-бақувват юрибсизми, тўрам тани-жонингиз соғми?
Дадаматов баттар довдиради, сўнг юзи ёришиб жилмайди:«Қарилик-да!»
— Мени биров билан адаштиряпсиз-а ота, — деди Ҳушҳол кулимсираб.
Чол ундан баттар таажубланди:
— Э, нега адаштирай, тўрам? Шукр, ҳали эс-ҳушдан айиргани йўқ. Яратган эгам ўзи
адашгулик қилмаса адашмайман, тўрам. Ҳа, ҳовлилар муборак бўлсин энди? Кўп суюндим,
тўрам, кўп суюндим. Илоҳи омин, яхши тўйларга буюрсин, туп қўйиб палак ёзинг!
— Раҳмат, — деди Дадаматов, — раҳмат, айтганингиз келсин.
— Муни қаранг, тўрам, фалакнинг гардиши деб шуни айтаркан-да, бўлмаса ким ўйлабди
сизнинг бизга қўшни бўлиб қолишингизни? Шукр, минг шукр, яратганнинг инояти буям бўлса!
Дадаматовнинг вақти бениҳоя зиқ эди.
— Ҳай, ота, — деди узр сўраб, — майли, омонлик бўлсин.
— Э, тўрам, қани бир пиёла чойимиз бор-а? Эрталабки насиба-я, тўрам?
— Бошқа сафар, — деб Дадаматов гапни қисқа қилди.
«Отамнинг ошналаридан, — дея ишонч билан ўйлади йўлда бораётиб, — лекин нега бунча
«тўра»лайди — ҳайронман... »
Кечқурун ишдан қайтиб таажжуби баттар ортди: кимдир бир тоғора сомса ташлаб кетибди.
— Ким берди? — деб кундузи уйда қолган саккиз яшар қизчасидан сўраган эди, у:
— Бир чол, оти... оти Саноқул бобо, — деди. Ҳайронлик билан сомса ейилиб кетди.
Эртасига яна одатдагидек ишга бораётган эди, худди кечаги муюлишда ўша чолга дуч келди.
Дадаматовга, у кечадан бери жойидан жилмагандек туюлди. У харчанд олдин салом беришга
Қуёш фасли. Ҳикоялар
Достарыңызбен бөлісу: |