www.ziyouz.com кутубхонаси
58
Ана шунда Йигит тунги ғаройиб товушлар тўғрисида сўрашни ўйлади. Аммо, иккиланди:
мабодо тушида ё хаёлида... Йўқ, аниқ-тиниқ эшитган эди. Мана шу тобда ҳам нозик бир сас
қулоқлари остида титраётгандек... Ёки, у ёқда ачимсиқ ислар, турли ташвишу ҳавотирлар
исканжасида зўриққан асаблари бу ёқда мусаффо ҳаводан шишиниб, энди нағма
кўрсатаяптимикан-а? Йўғ-э, анов Дуркунхонимнинг ҳалигидай ишшайгани ҳам бежиз эмасдир
ахир. Ҳа, шубҳасиз бу ерда нимадир бор... нимадир бўлиши керак.
Тезроқ соатнинг уч бўлишини кутаяпти — руҳий таъсир воситасида даволовчи дўхтир
ҳузурига бориши керак. Вақт эса имиллаб ўтмоқда. Зерикаётганини ҳис этиб, оғир энтикди.
Кейин, бекорчи бекор ўйлайди, деганларидек, четдан бегона назар билан ўзига разм солди: ана,
шам «пайпоғ»у шам «белбоғ»дан сўнг тўшакда ўраниб ётибди. Пешонасн ҳамда кўз остларида
сийрак тер резалари йилтирайди. Кўринишидан дам олиб даволанаётган бахтиёр одамга асло
ўхшамайди, худди бандининг ўзи ҳоргин, хомуш.
... нега, нима учун шундай? Кўнгилда на бир севинч ва бир ҳаяжон.
Назарида, икки-уч кундан бери эмас, аллазамонлардан буён ушбу дарага тушиб қолгандегу,
энди ҳеч чиқиб кетолмаётгандек эди.
Аввал-бошданоқ хушлар-хушламас йўлга отланаётиб, ҳардам хаёл бир ҳолатга тушган,
лекнн аллақачон йўлланма ҳамда самолётга патта олиб қўйгани боис, — гўё уйдан узоқда
турмуш ташвишларидан халос бўладигандек, жаннат сифат жойларда роса яйраб ҳордиқ
чиқарадигандек, — қани, бораверайликчи, деб келаверган эди.
Аммо, асли ўшанда кўнгли сезган экан: мана, рўзғор ташвишларидан қутулиш қаёқда! Ўзи
бу ердаю, ёду хаёли оиласида. Озиб-ёзиб шаҳарга тушиб қолса, гоҳ хотинига, гоҳ болаларига
нелар харид қиларини билолмай, боши қотади. Хали ота-она, оға-инилар ҳам бор. Қўл эса
қисқа. Қашшоқлик қурсин-а, қашшоқлнк!.. Ўлганни тепган, деганларидек, истироҳатгоҳдаги
галатию гаройиб даҳмазалар айни дард устига чипқон бўлаянти: на кунида ҳаловат бор, на
тунида — алламаҳалда уйғониб кетади: қулоқлари остида қандайдир айқаш-уйқаш товушлар
элас-элас эшитилган кўйи, ёмғир севалаётган қорамтир осмонга хаёлчан тикилиб ётади, тонг
бўзарарга яқин ухлаб қолади, кейин эрталаб ажаб уйқудан тетик туради. Лекин... айвонга
чиқмоққа юраги безиллайди-ю, барибир чиқади. Орадан ҳаял замон ўтиб-ўтмай, Дуркунхоним
ишшайиб пайдо бўлади-да, оч ғунажинчадек мўлтирайверади... Тепа қаватдаги сарисоч
Гулойим эса, ёпирай, худди ошиғу беқарор бўлган ўн тўрт ёшли бўйсара қиз каби дам қизил гул
ташлайди, дам сариқ гул!.. Баттар бўл-э!.. Рўпарадаги хонада яшаётган дўндиқчага ногоҳ дуч
келиб қолса, ўзини қайга урарини билолмай қолади. У эса маъюс табассумдан юзлари яшнаб,
шартта қўлтиғидан оладию, тошбағирликда айблай кетади. Ошхонага-ку ноилож боради.
Бордими, тамом — пойтахтлик оппоқбилак Африка қаҳвасию фарангги коньягини бот-бот
мақтаб, меҳмонликка таклиф қилгани қилган. Худонинг берган куни аҳвол шу.
... ё тавба! Ё Парвардигор, бу ожизаларинг бу қадар беҳаё, бу қадар беқадр!.. Ахир, жаннат
— аёллар пойидадир, демаганмисан?! Агар жаннатинг шу аёллар пойида бўлса... Қойил-э!..
Аёлнинг худоси иккита бири... аёқ, яна бири таёқ. Халқ тўқиган буни. Хўш, халқни нималар,
кимлар бу даражага тушириб қўйди ахир?.. Асли жамият ичдан чириб битгани рост шекилли.
Бўлмаса... Ёпирай, анави мункиллаган раис ҳам иккинчи хотинини, ҳам ўйнашини олиб
келганмиш. Раис — халқнинг отаси-я!.. Навжувон ўйнаш бечора энди дуч келган аёққа қашиниб
юрибди... Бунақа жойларга ўзи аёлларнинг асосан бадбахти келар экан чоғи. Рост-да, бахтиёр
аёлларнинг истироҳатгоҳларда тентирамоққа илло хоҳиши йўқ. Шундай!..
Дарвоқе, бу манзил-маконнинг ўзида одамни ҳар кўйга солиб тентиратадиган нимадир бўлса
керак. Бинобарин, Ошиқ-Маъшуқ тўғрисидаги ривоят ҳам беҳуда тўқилмаган ва руҳиятидаги
ажабтовур беқарорлик ҳам бежиз эмас. Чунки уйда уйқуга ётардию, тошдек қотиб ухлаб
қоларди. Сўнгги марта уйда қачон туш кўрганини ҳам аниқроқ эслаёлмади. Бу ерда эса, —
давомли тушkар кўрадими-ей, алаҳсирайдими-ей, — ҳамон дурустроқ ором ололгани йўқ.
Қуёш фасли. Ҳикоялар
Достарыңызбен бөлісу: |