www.ziyouz.com кутубхонаси
17
— Балки бирон нарса олиб бориш керак бўлар?
— Борай-чи!
Пўлат шошиб уйдан чиқди. Машиналари йўқлигига шунда ачинди. Бўлганида уч юз метрча
юриб катта кўчага чиқмас, қўл кўтариб ҳеч кимга ялинмасди. Машиналари бор эди. «Волга».
Олишганига ўн йил бўлса ҳам кам минилган, яхши сақланган эди. Кузда Венадан,
чемпионатдан қайтганида катталар ўзлари янги «Волга» таклиф қилишди. Адаси ҳам, ўзи ҳам
таклифга ишониб, кўпдан бери ҳиқиллаб юрган бензинчи тоғаваччаларига сотиб юборувди.
Янги машина ана келади, мана келади билан ярим йил ўтди. Шу вақт ичида нарх-наво Тошкент
ҳавосидек ўзгариб кетди. Бир ойча бурун хабар қилишди «янги «Волга»лар келди» деб. Базадан
ота-бола хомуш қайтишди. Уйга келганда эса ўзларини тутолмай роса кулишди. Эски
«Волга»ларининг пулига мотоцикл ҳам энди олиб бўлмасди. Тоғаваччалари уларнинг қандай
аҳволга тушиб қолганларини яхши билса керак, илгарига ойда бир кўриниб қўйишини тарк
қилиб, мутлақо келмай кетди.
Узоқдан учиб келаётган қизил «Жигули» рўпарасида чийиллаб тўхтади. Пўлат шошиб
ўтирди-да, адресни айтди.
— Ия, мен бошқа томонга кетаётувдим-ку! — деди шофёр, ола-була «Адидас» спорт-
костюмини кийиб олган ингичка мўйловли йигит. Аммо Пўлатнинг авзойини кўриб ўзгарди.
— Майли, шошиб турганга ўхшайсиз...
Пўлат ТошМИнинг темир панжарали дарвозаси олдида тушиб, битта минг сўмлик пулни
узатди. Шофёр йигит оғзи тўла тилла тишларини ярқиратиб илжайди ва учта бармоғини
кўрсатди. Пўлат ичидан тутоқиб кетди, аммо даров ўзини босиб олди, ҳечнарса демай, яна
иккита минг сўмлик қоғозни чиқариб узатди-да, беморлар қабулхонасига югурди.
Ёш врач Ойдин Камолованинг қачон келтиришганини, қаерда ётганини айтиб, ўзи етаклаб
кетди. Афтидан уни таниди шекилли, отини айтиб, бирмунча юпатган бўлди. Аммо Пўлат
унинг гапларини эшитмасди. Хаёли, фикри-зикри Ойдинда, тўсатдан бошларига тушган
фалокатда эди. Қандай қилиб у машинага дуч келди экан? Маст-пасмикан ҳайдовчи? Ё ҳамма
нарсанинг худоси пул ҳисоблайдиган бойваччамикан? Ёки Ойдинннинг ўзи паришонхоллик
қилдимикан? Нима бўлса ҳам омон бўлсин, тузалиб кетсин!
Ойдин билан улар «Пахтакор» стадионининг орқасидаги «Эгарчи» маҳалла аталмиш илон
изи, тор кўчаларда оёқяланг тупроқ босиб катта бўлишган эди. Пўлатларнинг кўчалари ҳали ҳам
турибди. Аммо ундан на одам ўтади, на машина. Эгалари кўчиб кетган, томлари, эшиги,
ромлари бузиб олинган уйларнинг деворлари нураб ётибди.
Ойдин адаси, ойиси билан Самарқанд дарвозанинг бошидаги «дом»лардан бирида туради
ҳозир. Пўлатнинг адаси эса уйлари бузиладиган хабар чиқиши билан ер олиб иморат кўтаришга
тушиб кетган эди. Яхши ҳам шундай қилган экан, мана чол-кампир ўзлари ҳам, ўғиллари Пўлат
ҳам уй-жойлик. Беш хона, олди равон уй иккита оилага бемалол етади.
Пўлат Университетга киролмай физкультура институтига жойлашганда, Ойдинни кўздан
йўқотди. Аммо йил ўтмай, Ойдин ўзи уни топди. Ўтган йили чемпионатга кетишидан олдин
уларни унаштириб қўйишди. Чемпионат, кейин Ойдиннинг битирув имтиҳонлари, диплом иши
сабаб бўлиб тўй сурилди. Ўтган ҳафта эса қариндош-уруғ, маҳалла катталари йиғилишиб
байрамнинг учинчи куни, тўртинчи сентябрга тўй қилишга узил-кесил келишишди. Қуда
томондагилар, Ойдиннинг ўзи ҳам шунга рози бўлди. Унинг кайфи чоғ эди. Ўтган куни
учрашганларида аспирантура масаласи ҳал бўлганини, факультетда кичик ўқитувчи қилиб
тайинлашганларини хурсанд бўлиб айтиб берган эди. Уларнинг учрашиб туришларини, айниқса
унаштириб қўйилганларидан кейин, иккала томон ҳам гап-сўз қилмай қабул қилишди. Хуфя
юришдан, очиқ, ота-оналарининг кўз олдида жавобгарлик, мажбурият ҳис қилиб юриш
ҳаммаларига маъқул эди. Кўз олдиларида катта бўлган қизни келин қилишаётганидан
Пўлатнинг адаси, ойиси ниҳоятда хурсанд эдилар. Ойдин эски маҳалладаги одати бўйича Пўлат