www.ziyouz.com кутубхонаси
18
йўқ пайтлари келиб, уйларни йиғиштирар, ҳатто ҳовлини супуриб-сидирибҳам кетарди. .
Яқиндагина бурни оқиб юрган қўшни боланинг жаҳонга донғи кетиб, унга куёв
бўлаётганидан Ойдиннинг онаси Раҳбар опа ҳам, опаси Қундузхонлар ҳам бошлари осмонда
эди. Нима бўлди? Қаердан чиқиб қолди бу фалокат?
Жарроҳлик бўлимига ётишганда ёш врач югуриб ичкарига кириб кетди.
Бинонинг олдидаги сердарахт боғчада кўзларини артаётган Қундузхон кўринди. Пўлат тўғри
унинг олдига борди.
— Пўлатжон! Бу қандай кўргулик бўлди?! Кундузхон яна қип-қизил кўзларини артиб, у
билан кўришди.
— Аҳволи қалай?
— Ўзини билмай ётибди. Бўлим бошлиғининг ўзи операция қилди. Ана! Ўзлари
келаяптилар!...
Пўлат бино томонга қаради. Ёш врач елкадор, баланд бўйли, худди ўзи каби оқ халат кийган
одам билан улар қаршисига келаётган эди. Пўлат юраги гупиллаб уриб, шу томонга юрди.
— Пўлат ака, танишинг, — деди ёш врач. — Профессор Мўминов Илҳом Азизович.
Камоловани ўзлари операция қилдилар!
Профессор йирик, оғир қўлини узатди.
— Саломалайкум, Илҳом ака. — Пўлат унинг қўлни маҳкам қисди. — Қалай аҳволи? Нима
бўлибди ўзи?
— Иккита қовурғаси синган. Умуртқа суяги икки жойдан, бўйнидан, белидан дарз кетган,
балки синган ҳамдир, ҳозир бир нарса дейиш қийин. Яна чап оёғи тўпиғидан синган. Машина
чап томондан келиб урган бўлиши керак, — Профессорннинг овози ҳам гавдаси каби йўғон эди.
— Гипсга солиб қўйдик тўрт жойдан. Албатта, буларни енгил жароҳат деб бўлмайди. Аммо
оёққа туриб, ҳеч нарса кўрмагандек бўлиб кетади. Ҳозир наркознинг таъсирида ухлаб ётибди.
Истасангиз уйғонганда олдига киришингиз мумкин.
— Раҳмат, — деди оҳиста руҳи тушиб Пўлат. У бунчалик деб ўйламаган эди.
— Эзилманг бунча, ўртоқ чемпион! — қўлини унинг елкасига ташлаб жилмайди профессор.
— Отдек бўлиб кетадилар. Тўйга чақиришни унутманг! Кечирасиз!...
У кетди. Ёш врач ҳам хайрлаша бошлади. Пўлат миннатдорчилик билдирди.
— Ёрдамим керак бўлса, тортинманг, доим тайёрман, — ёш врач шимининг чўптатидан
қўлда қора сиёҳда дона-дона қилиб ёзилган исми, фамилияси, адреси ва телефони ёзилган қалин
адрес қоғоз чиқариб узатди. Ўзи ёзган бўлса керак. — Ҳар эҳтимолга қарши.
Пўлат маҳкам унинг қўлини қисди.
— Ойимларнинг ҳам мазалари йўқ, — деди ёлғиз қолишганда Қундузхон.
— Нима қилди?
— Боя шу ерда ҳушларидан кетиб қолдилар. Уйга жўнатдик. Ҳудаойим... — Қундузхон
шундай деб, бирдан тўхтаб қолди. Бугунги фожеадан сўнг, «ҳудаойим» дейиш ўринли
бўлармикан? Юрагининг бир четида шундай таҳлика ўзи сезмаган ҳолда пайдо бўлган эди. Шу
ўй билан ўзи гапини тузатди. — Ойингиз... Санобар опам бирга кетдилар.
— Ойдининг уйғонишига ҳали бор. Юринг, телефон қиламиз, — ҳеч нарса сезмай таклиф
қилди Пўлат.
Қундузхон ТошМИ дарвозаси томон юришар экан, йўл-йўлакай Ойдин билан нима
бўлганини гапириб берди. Трамвайдан тушиб, кўчани кесиб ўтаётган экан. Машиналарга йўл
берк бўлса ҳам трамвайнинг олдидан бир енгил машина визиллаб чиқиб қолибди. Ойдин қочиб
улгуролмабди. Машина зарб билан уриб, тўхтатмай кетиб қолибди. Мошранг «Жигули» экан.
Ойдин йиқилибди-ю, кўнгли кетиб қолибди. Ҳеч ким уни танимабди. Таниганда, уйи шу
бекатнинг рўпарасидалигини биларди. Хабар берарди. «Тез ёрдам» келгунича тахминан ярим
соат ўзини билмай, оғзидан қон кетиб ётибди. «Тез ёрдам» келиб, ТошМИга олиб боргандагина