www.ziyouz.com кутубхонаси
56
Нортўхта ҚИЛИЧ
ОШИҚДАРА ТУТҚУНЛАРИ
Уйқуси бузилди. Кўзларини очмади, лекин негадир бемаҳалда уйғонганига таажжубланди...
Шу аснода аллақандай англаб бўлмас товушлар қулоғига чалина бошлади, кимлардир уввос
солиб йиғлаётгандекми-ей, кимлардир қаҳқаҳа уриб кулаётгандегу, тағин кимлардир тинмай
балабону сурнай чалаётгандекми-ей!..
Кўзларини очмай, баттар таажжубланди.
... қизиқ, туш кўраяпманми-ё? Уйғоқ ҳолда-я!.. Чарчаганим учун бўлса керак.
Чиндан ҳам жуда чарчаган, — аввал самолётда, кейин автобусда, ундан сўнг таксида узоқ
йўл босди, уйдан тонг-саҳарда чиқиб, базўр хуфтон чоғи манзилга ҳориб-толиб етиб келган эди,
— беҳуда айтишмаган ахир, йўл азоби — гўр азоби, деб.
Манзилга етиб келиб, шинамгина хонага ўрнашганидан сўнг, осмону фалакдан бирдан ер
комига тушиб қолгандек ҳис этган эди ўзини. Аввал самолётда учганию, сўнгра уловларда йўл
босгани учун эмас, йўқ, аэропортдан то ушбу маконга қадам қўйганигача адирлар, қирлар,
тоғлар оралаган йўл нуқул пастликка қараб эсгани боис шундай туюлган эди... Кейин, уйдан
олиб чиққан егуликларидан енгил-елпи тамадди қилиб, уйқуга ётган ва оппоқ чойшаблардан
оҳор ҳиди бурқиётгани эсида, орадан ҳаял ўтмай, донг қотиб ухлаб қолган эди.
Мана, энди... Ҳамон ажабтовур товушлар олислардан элас-элас қулоғига эшитилгандек
бўлаяпти.
... ё далада одамлар телевизор томоша қилишаяптимикан? Йўқ, ҳозир томоша пайти эмас,
аллақачон тун яримдан оққан ёки ҳадемай тонг отиб қолса керак.
Ҳаловатини қизғаниб соатга қарамади. Ёнбошига ўгирилиб, оппоқ чойшабли адёлни бошига
тортди.
Аммо, ҳануз ўша-ўша кимлардир уввос солиб йиғлаётгандекмией, кимлардир қаҳқаҳа уриб
қулаётгандегу, тағин кимлардир тинмай балабону сурнай чалаётгандек эди.
... ажаб, роппа-роса бир кечаю бир кундуз мириқиб ухлагандекман-а! Ниманинг шарофати
экан бу?
Тўшагидан турди. Керишди. Енгил кийинди. Ойнабанд эшик қия очиқ эди, чоргоҳ
пешайвонга чиқди. Ва беадад бир ҳайратдан тек қотди, чиндан ҳам ер комига тушиб қолгандек
туюлганича бор экан, — гирд теваракни баланд тоғ қоялари ҳалқадек ўраб олган, —
истироҳатгоҳ кўркам дара қўйнида жойлашган эди. Қояларга туташиб кетган дара
ёнбағирларини ям-яшил майсалар қоплаган, сийрак жийда баргли дарахтлар эса соябонларгами
ёхуд тобора юқорилаб бораёттан алланималаргадир менгзаб кўринди кўзга. Ясси қияликларда
оппоқ тоғ эчкилари дарахтлар оралаб ўтлаб юрибди. Кунчиқар томондаги тикка ўрлаган йўл
бўйида катта бир кўл қуёш нурида тиллаланиб жимирламоқда. Аммо, қизиқ, нечундир кўл
сирли-синоатли туюлади. Унинг атрофинн минг кокилли мажнунтоллар, сершох-сербутоқ
оққайинлар, кўм-кўк арчалар қуршаган. Ёмғир ҳидига тўйинган, намхуш ҳаво эса шу қадар
майин, шу қадар мусаффоки, нафас олгани сайин одамнинг баҳри дили яйрайди.
Кўкрагини кериб, тўйиб-тўйиб нафас оларкан, қишлоғининг турфа куйинди исларга
қоришган ачимсиқ ҳавосини эслаб, ўйчан бош ирғади. Кейин, пешайвон панжарасидан маҳкам
ушлаб, пастга энгашди, дабдурустдан боши айланганини сезиб, қоматини тиклади.
Тонгда ёмғир савалаган шекили, пастда бино рўпарасидаги намчил ғишпарчин йўлкада, —
одамлар эринчоқлик билан кезиб, нонушта пайтини кутишмоқда. Уларга синчков назар ташлаб,
негадир кўнглини ғашликками, ўкинчгами мойил бир нималардир чулғаётганини ҳис этди.
... ёпирай, ҳалитдан-а? Кезиб ўрганлгаганлигимдан бўлса керак. Албатта-да!..
Ҳазил хўрсинди.
Қуёш фасли. Ҳикоялар
Достарыңызбен бөлісу: |