Табиат – умумий уйимиз. Курраи замин яралибдики, табиат ва инсон бир- бири билан чамбарчас боғлиқдир. Асло, асло инсонни бир бўлак, табиатни бир бўлак ҳолатда тасаввур этолмаймиз. Нима учун табиатни она сўзи билан боғлаб айтамиз, деган ҳақли савол туғилади.
Табиатнинг инсонга келтирадиган фойдаси беҳисоб. Уларни санаб адоғига етиш қийин. Унинг мусаффо ҳавоси ва зилол сувининг нечоғли қадр-қимматга эга эканлигини изоҳлашнинг ҳожати бўлмаса керак.
Табиатга умумий уйимиз, дея таъриф бердик. Ҳар ким ўз уйини, хонадонини асрагани сабабли ватанимиз равнақи кундан-кунга ортиб, ошиб бормоқда.
Табиат қўйнига дам олишга чиққанимизда, айниқса бефарқ, беэътибор бўлмаслик талаб этилади. Бетакрор яшил дунёнинг барча эҳсонларидан завқ олиб, ҳордиқ чиқариб бўлиб, унда ўзимиздан кейин ахлатлар қолдириб, атроф- муҳитни булғаш – энг ёмон одатлардан.
Ариқ, зовурларга инсонлар томонидан улоқтирилган ахлатлар, чиқиндилар тўлиб-тошганидан зилол сувдан асар ҳам қолмайди,ариқлардан сув ўрнига, афсуски, ахлат оқишни бошлайди. Авваллари баҳор келиб, биринчи момоқалдироқ гумбурлаши билан катта-ю кичик ариқ бўйларидан ялпиз, кийик ўт теришга ошиқарди. Бугун... бугунга келиб эса ифлосланиб оқаётган ариқ бўйларидан бу хушбўй кўкатларни териб олишга қўл бормайди. Афсус...
Хонадонлардан, мол боқилаётган шоҳобчалардан оқиб чиқаётган чиқинди сувларнинг ҳамма-ҳаммаси тоғлардан оқиб келаётган зилол сувларга оқиб тушиб, уни ифлослантираётгани ҳеч кимнинг хаёлига ҳам кириб чиқмайди.
Корхона ва заводлардан чиқаётган заҳарли тутунларни, дуч келган жойларда тўплаб ёқилаётган ахлатларнинг тутуни мусаффо ҳавони булғаётганига оддий ҳолдек беэътибормиз. Ҳамма бизни ўраб турган яшил табиатнинг емирилиб, хазон бўлиб, ифлосланиб бораётганига кўз юмиб кетаверса, биздан кейингиларга яшил табиатни эмас, хазон бўлган яшиллик дунёсини мерос қолдириш, дегани эмасми...
Табиат умумий уйимиз экан, ҳар бир инсон табиат аталмиш ўз уйини асраб, авайлаши, зиён етказмай сақлаши муҳимлигини унутмаслиги лозим.
Достарыңызбен бөлісу: |