Мавсум-маросим қўшиқлари. Халқимизда мавсум, маросим, байрам сўзлари билан ифодаланган тушунчалар бор. Улар ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлиш учун бу сўзларнинг маъно ифодалаш чегарасини белгилаш зарур «Мавсум» деганда, асосан, йил фасллари назарда тутилади. Бинобарин, мавсум қўшиқлари қиш, баҳор, ёз, куз фасллари билан боғлиқ бўлади. Маросим эса диний ёки анъанавий урф-одатлар муносабати билан ўтказиладиган тадбир йиғин. Байрам умумхалқ шодиёнаси, тантана кун маъносини ифодалайди. Маълум бўладики, «маросим» тушунчаси «байрам» сўзи ифодалаган маънодан кенглиги билан фарқ қилар экан. Чунки маросим бир шахс ҳаётидаги муҳим воқеа билан боғланиши мумкин. Бу тадбир оила чегараси билан чекланади. Байрамда эса умумхалқ иштироки бўлиши лозим. Тўғри, биз кўпинча «байрам маросими» бирикмасини қўллашимиз мумкин. Аммо бу ҳолатда гап оилавий маросим ҳақида эмаслиги таъкидланади.
Дунёда биронта халқ йўқки, турли муносабатлар билан оммавий байрамларни нишонламасин. Байрамлар бутун халқ тайёргарлиги билан нишонланади. Катта шодиёналар режалаштирилади. Махсус таомлар пиширилади, байрам либослари тикилади, ўйин-кулгилар, сайиллар, томошалар, мусобақалар уюштирилади. Шунинг учун миллий байрамлар тизимида халқ тарихи, миллий хусусиятлар ҳақида тасаввур ҳосил қилиш мумкин.
Бу тасаввурларни оилавий, муайян ҳудуд аҳолиси ўртасидаги маросимлар, қолаверса, миллий урф-одатлар тўлдиради, мукаммаллаштиради.
Олимларнинг маълумот беришларича, мавсум-маросимга оид тадбирлар, халқ оммавий байрамларининг тарихи минглаб йиллар билан ўлчанар экан. Абурайҳон Берунийнинг «Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар» китобида «Наврўз», «Рамуш оғам», «Бобохвора» каби ўндан ортиқ байрамлар хусусида маълумот берилади. Халқимиз бугунги кунда мавсум-маросим, байрам ва удумларни ўтказишнинг узоқ қадимийларини қайта тикламоқда, уларни ташкил қилишда мукаммал режалар билан иш олиб бормоқда.
Ўзбек халқ маросим қўшиқлари Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, фольклоршунос олима Музайяна Алавиянинг «Ўзбек халқ маросим қўшиқлари»2, филология фанлари доктори, профессор Баҳодир Саримсоқовнинг «Ўзбек маросим фольклори»3, филология фанлари доктори, профессор Маматқул Жўраевнинг «Ўзбек мавсумий маросим фольклори»4, олим Насриддин Назаровнинг «Лақайлар: этнография, лингвистика ва фольклор»5 асарларида чуқур илмий асосда таҳлил этилган.
Халқимиз ҳар бир фаслнинг ўзига хос фазилатларини таъриф этган, қиш, баҳор, ёз, куз фаслларида табиатда рўй берадиган ўзгаришларни қўшиқларда лирик тарзда ифодалаган. Хусусан, қиш фаслида «Шерда» номи билан аталган гап-гаштак, улфатчиликда:
Қор ёғмайин ола бўлган тоғлар-а,
Ғунчасидан хазон бўлган боғлар-а,
Куйистонда куйиб ўтган бедилхон,
Устида қағиллаб ўтган ғозлар-а,
Бегим аллаёр, аллаёр
қўшиғи улфатларнинг жўра бошисини сайлашда айтилган. Баҳорда турна, бойчечак, сумалак, шох мойлаш қўшиқларини айтиш одат бўлган:
Адирлар тўла чечак,
Биз келдик уча-уча,
Бойчечагим, бойчечак,
Кутиб олинг, ҳой чечак.
Халқ одатларига кўра ўтказиладиган шамол тўхтатиш, шамол чақириш, обло барака каби ёзги маросимларда ўзига хос қўшиқлар айтилган:
Чой момо чой, чой, чой,
Чайилиб қолсин қув шамол,
Боса-боса беринглар,
Босилиб қолсин қув шамол.
Ўзбекистонда кузнинг файзи алоҳида қайд қилинади. Ҳосил йиғиш, қовун сайли, тўкинлик халққа мамнуният бағишлайди. Бу фаслнинг ҳам ўз қўшиқлари машҳур:
Қовун-қовунлар дедим,
Мазали қовунлар дедим,
Эй ширинноввот дедим,
Гурвак қовунлар дедим6.
Халқимизда маросимлар жуда кўп. Йил қуруқ келиб, баҳорда ёмғир ёғмаса, «Ёмғир чақириш» маросими («Суст хотин»); буғдой, шоли бошоқлари етилган пайтда шамол уларни пайхон қилса, «Шамол тўхтатиш» («Чой момо»); дон маҳсулотларини шопириш вақтида шамол бўлмаса, «Шамол чақириш» («Ё, Ҳайдар»); йил совуқ келса, омад юз ўгирса, қурбонлик келтириш маросимлари ўтказилган. Айниқса, оилавий маросимларда: тўй ва азаларда қўшиқлар меҳмон ва мезбонларнинг, майит эгасининг доимий ҳамроҳига айланган.
Тўйлардаги ёр-ёрлар, ўлан айтишлар, келин саломлар халқ поэтик ижодининг мумтоз намуналари бўлиб қолган. Ҳаёт тажрибаси оилавий турмуш тотувликдан бошланса, меҳр етакчи бўлса, кейинги ҳаёт ҳам иноқликда ўтишини тасдиқлаган. Шунинг учун куёв-келин кўнглини бир-бирига яқин қилиш орзуси қайта-қайта тилга олинади:
Шойи кўйлак енгига
Тут қоқайлик ёр-ёр,
Келин-куёв кўнглига
Ўт ёқайлик ёр-ёр.
Халқ қўшиқларини ёзиб олиш тажрибаси шуни кўрсатадики, ёр-ёрлар халқ орасида бошқа мазмундаги қўшиқлардан кенгроқ оммалашгандир. Яқин эллик йил атрофида ўтказган фольклор экспедициялари давомида Ўзбекистоннинг кўп вилоятларида бўлдик, Жанубий Қозоғистондаги Чимкент, Туркистон ҳудудлари, Тожикистоннинг Хўжанд, Исфара, Конибодом атрофи, Туркманистондаги Кўҳна Урганч манзилларида яшаётган ўзбеклар ҳамиша фольклор амалиётчиларини ёр-ёрлар билан сийлашган. Маълумки, оғзаки ижодимиздаги қўшиқ ўзининг тез фурсатда, баъзан бадиҳагўйлик – импровизация усулида яратилиши билан бошқа жанрлардан фарқ қилади. Бу ўринда шуни таъкидлаш жоизки, шоирлик истеъдодига эга бўлган ёр-ёр ижрочиси тўй вазиятига қараб янги-янги тўртликларни тўқиб кетаверган. Натижада, айнан тўй ўтказилаётган пайт қўшиқ матнида фото тасвирдек акс этиб қолган:
Қиш кунида совуқ еб,
Хориб келдик ёр-ёр,
Аччиқ-тирсиқ керакмас,
Койиб келдик ёр-ёр.
Албатта, ҳаёт ижтимоий тузум, сиёсий шароитлар тақозоси билан доимий равишда ўзгариб борган. Турмушга чиқаётган қиз ўз турмуш ўртоғини фақат гўшангадагина кўриши мумкин замонлар ўтди. Баъзан давлатманд одамларнинг иккинчи, учинчи, ҳатто тўртинчи хотини бўлиш тақдирида ёзилган қизлар ҳам бўлган. Бундай қисмат ифодаси ёр-ёрда акс этмаслиги мумкин эмасди:
Узоққа борган қизнинг
Ранги сариқ ёр-ёр,
Кўзидан оққан ёши
Мисли ариқ ёр-ёр.
Токчадаги қайчини
Занг босибди ёр-ёр,
Янги тушган келинни
Ғам босибди ёр-ёр.
Турмушга чиққан келиннинг дарди, алами билан ғам босгани токчада ишлатилмай қолган қайчининг занг босишига қиёсланмоқда. Бундай тасвир воситаси фольклоршуносликда параллелизм деб номланган бўлиб икки ёнма-ён нарсанинг ўхшашлигини тақозо этади.
Ёр-ёр матнлари меҳнат ва мавсум қўшиқларидан қофияланишидаги мукаммаллик билан ажралиб туради. Жумладан, ёр-ёрларда «бахт», «тахт»; «омон», «сомон», «алвон», «полвон» каби чиройли қофияли мисолларни учратамиз. Бу қўшиқ турлари баъзан олти, кўпинча етти бўғиндан иборат бўлади. Туроқ тизими 4+3; 5+2 тарзида белгиланади. Қофияланиш шакли а б, б а ёки а б, в б тарзида шаклланган. Масалан:
Қат-қат кўрпа устида,
Пиёламан ёр-ёр.
Ёрга салом бергани,
Уёламан ёр-ёр.
1 Ўйрилиб – ўгирилиб, қайрилиб.
2 Алавия М. Ўзбек халқ маросим қўшиқлари. Т., «ФАН», 1974.
3 Саримсоқов Б. Ўзбек маросим фольклори. Т., «ФАН», 1986.
4 Жўраев М. Ўзбек мавсумий маросим фольклори. Т., «ФАН», 2008.
5 Назаров Н. Лақайлар: этнография, лингвистика ва фольклор. Т., «Tamaddin», 2010.