Ҳунармандчилик билан боғлиқ қўшиқлар. Юсуф Хос Ҳожиб «Қутадғу билиг» достонида «Узлар бирла қатылмақны айур» (Ҳунармандлар билан аралашмоқни айтади) бобини ҳунармандларга бағишлаган. Унда темирчи, этикчи, ўймакор-дурадгор, бўёқчи, рассом, ўқсоз-ёйсозлар мақтови берилган. Дунёнинг гўзалликлари булардан чиқади, оламдаги ҳайратомуз ишлар булардан чиқади, деб шоир ҳунармандларнинг ҳаётдаги ўрнини юқори баҳолайди. Ҳақиқатан ҳам, ҳунамандлар жаҳон сивилизацияси ривожига муносиб ҳисса қўшган касб соҳибларидир. Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган қоғоздан тортиб шоҳи атласгача, ўймакорликдан тортиб тўқилган гиламларгача дунёда машҳур бўлган. Ҳунарманд усталарнинг шогирд танлаш синовида мумтоз шеъриятимиздан байтлар сўраш одати кенг тарқалган эди. Чунки бирор ҳунарни мукаммал эгалламоқни фақат касбий маҳорат билан чеклаш мумкин эмас эди. Моҳир ҳунарманд маънавий жиҳатдан ҳам комил инсон бўлиши талаб қилинган. Шунинг учун ҳам ҳунар эгалари қўшиқ айтган, аския сирларини билган, мусиқа чалган. Бу анъана бугунги кунда ҳам сақланган. Қўшиқ жўрлигида тайёрланган маҳсулотга устанинг меҳри қўшилган.
Ўзбек меҳнат қўшиқларининг салмоқли қисмини гилам тўқиш, кашта тикиш, чарх йигириш каби ҳунар билан шуғулланиш давомида айтиладиган намуналар ташкил этади. Уларнинг энг қадимгиларидан бари чарх қўшиқлари ҳисобланади. Бугунги кун текстиль саноати пайдо бўлмасдан олдин пахта чигити қўлда ажратилган. Махсус ясалган қурилма – чарх айлантирилиб пахта момиғидан ип йигиришган. Меҳнат у қадар оғир бўлмаган, аммо жуда зерикарли ва унумсиз эди. Иш жараёнига бир оз бўлса-да енгиллик бағишлаш мақсадида чарх қўшиқлари айтилган:
Чарх йигириб, чарх йигириб,
Шул қўлгинам толадир.
Агар шуни йигирмасам,
Болалар оч қоладир.
Одатда, ип йигирувчи аёллар ип ишлатадиган косибларнинг буюртмаларини бажаришган. Айниқса, қиш фаслида ёлланиб бажарадиган ишлари камайган пайтда ип йигириш оилада рўзғор тебратиш воситасига айланган. Мажбурият уй бекасидан бутун иродани ишга солиб мешнат қилишга ундаган:
Чархгинам, эй чархгинам,
Юраккинам оласан.
Айт-чи сен бу юртлардан
Қачонгина йўқоласан.
Юқоридаги тўртликда чарх айлантираётган аёлнинг қалбидаги бутун дард, алам ёрилиб чиққандек таассурот уйғотади. «Қачонгина йўқоласан» сўз бирикмасидаги фикр йўналиши чархга қаратилган эмас, балки бутун қисматга, тақдирга нисбатан чиқарилган ҳукм қимматида баҳоланади. Аслини олганда, аёл чархнинг йўқолишини истамайди. Чунки чарх, эҳтимол, рўзғорнинг сўнгги илинжи ва умид воситаси бўлиши мумкин.
Бўз тўқиш жараёни ҳам чарх йигиришдан осон бўлмаган. Фақат бўз тўқишда бир нечта дўкон деб аталган бўз тўқиш қурилмалари бир хонага жойлаштирилган бўлиб, бу ерда икки ва ундан ортиқ косиблар бирга ишлаши мумкин эди. Бўз тўқилганда қўл ва оёқ муайян мақсадга биноан бир хил ҳаракатда бўлган. Косиблар бу ҳаракатларга шу қадар кўникиб кетар эдиларки, баъзан дўконда ишламаётган бўлсалар ҳам одатий ҳаракатни такрорлайверардилар. Қўшиқ эса соатлаб тинмай ишлашда уларнинг овунчоғи вазифасини бажарган. Қўшиқ куйлашдан косиб эстетик қониқиш ҳосил қилган:
Бўз тўқийман қироғини ўхшатиб,
Мокки отаман қўлгинамни қақшатиб,
Бозордаги шоҳилардан яхшироқ,
Нафисдан ўхшаган бўзим яхшидир.
Юқоридаги қўшиқда бўзчининг ўз меҳнатига берган баҳоси ҳам ифодаланган. Маълумки, бўз пахта ипидан тўқилган. Бундай матони, одатда, иқтисодий жиҳатдан яхши таъминланмаган одамлар сотиб олганлар. Бўзнинг пишиқ айни пайтда майин чиқиши косибнинг усталигига боғлиқ эди. Узилган ипни ўша заҳоти улаш, моккини бир хил отиш, тепкини маромида босиш маҳсулот сифатини белгилаган. Бинобарин, бўзчи ўз иш фаолиятини назорат қилиши лозим эди. Аммо турмуш ташвиши, буюуртмачиларнинг инжиқлиги, иқтисодий танқислик косиблик ишига салбий таъсир кўрсатган. Шунинг учун меҳнат қўшиқларининг ҳамма турларида бўлганидек, маъноси бир хил, матни бошқа қуйидаги қўшиқ вужудга келган:
Дўкон уйга кирсам, танам қақшайди,
Совуқларга ўлмай қолсам, яхшийди,
Қариси тиллага кетса, яхшийди,
Шундан менинг бўзим арзон кетарми?
Марғилон, Қўқон шаҳридаги кекса бўзчи оталар билан бўлган суҳбатимизда, улар бўз қўшиқларини доимий равишда хиргойи қилмасликларини эслашди. Иш пайтида улар «Галдир», «Омон ёр», «Сумбула» қўшиқларини, аския пайравларини айтиб ғубор чиқаришар экан. Бу ҳолат бошқа каксбдаги одамлар учун ҳам тааллуқлидир. Хусусан, чарх йигирадиганлар фақат чарх, бўзчилар фақат бўз, гилам, шолча тўқийдиганлар фақат ўрмак қўшиқларини айтишган, деб хулоса чиқариш тўғри эмас. Уларнинг ҳар бири ўз касбига мос қўшиқни айтган, аммо кўнгил ва хоҳиш амри билан машҳур лирик қўшиқлар ижросини ҳам ёддан чиқаришмаган.
Ўрмак шолча ёки гилам тўқиш учун тайёрланган махсус қурилма, дастгоҳдир. Унинг ёрдамиди асосан аёллар шолча, гилам тўқийдилар. Биз кўришга одатланган гиламлар миллиметр устига миллиметр жун ипининг устма-уст тушиши ва кейинги қатлам ип билан ўзаро бирикувидан пайдо бўлади. Махсус тўқмоққа ўхшаган асбоб билан минг-минг марталаб калтакланади ва ипларнинг ўртаси жипслаштирилади. Деярли ҳамма вилоятларда аёллар тўқиган гилам ва шочалар турмушга узатиладиган қизларга сеп, рўзғордаги бирон камчиликни тўлдириш воситаси бўлган. Қўшиқ ана шундай машаққатли меҳнатни енгиллатган:
Ўрмагимни ўрай-ё,
Мен бошимга қурай-ё,
Ўрмаккинам ўнгин деб,
Энди сендан сўрай-ё.
Бир тур қўшиқларда ҳам одамлар турмуш, насиба, тақдир ташвиши ва қувончларини изҳор қилишган. Баъзан ҳазил, баъзан чин қабилида ички кечинмалар баёнига дуч келамиз:
Ўрмагим ётибди ўралиб,
Мен юрибман керилиб,
Қайнонам қарамайди,
Ўрмагимга ўйрилиб1.
Шундай қилиб, меҳнат қўшиқлари ҳақида қуйидаги хулосаларга келиш мумкин:
Меҳнат қўшиқлари қайси мавзуда ва қайси турда яратилишадан қатъи назар лирик асарлар ҳисобланади. Уларда қўшиқчининг қилаётган меҳнат соҳаси асосида ҳаётий воқеаларга нисбатан бўлган муносабати ҳис-туйғулари орқали акс этади.
Халқимизнинг меҳнат қилиши, чорвачилик, деҳқончилик, турли касб-ҳунар билан шуғулланиши қанчалар қадимий бўлса, қўшиқнинг яратилиши ҳам шунчалар тарихийдир.
Ҳаётнинг барча соҳаларида фаолият билан шуғулланган аждодларимиз машаққатли ва зерикарли меҳнат жараёнининг самарасини ошириш мақсадида махсус касб-ҳунарлари билан боғлиқ қўшиқлар ижод қилганлар, куйлаганлар.
Меҳнат қўшиқларида ҳайвонларни ва иш қуролларини эркалаш, уларга мурожаат қилиш, уларни жонлантириш, баъзан гапиртириш хусусияти етакчилик қилади.
Меҳнат қўшиқларининг тили содда, куйи енгил, фикрни ифодалаш усули оддий бўлиб, асосий мақсад иш жараёнини енгиллатиш, қўшиқ айтувчи шахс руҳий ҳолатини кўтаришга қаратилган бўлади.