Матнни диққат билан ўқинг ва топшириқларни бажаринг Театр – юнонча «театрон» сўзидан келиб чиққан бўлиб, «томошагоҳ» маъносини англатади. Актёрларнинг саҳнавий ҳаракатлари орқали ҳаётни, ҳаётий ходисаларни бадиий равишда акс эттирувчи санъат тури, шу санъатга асосланган томошалар ҳам театр деб аталади. Ёки шундай санъат намойиш қилинадиган, томошалар кўрсатиладиган бино тушунилади. Умумий маънода эса актёрларнинг саҳна орқали кўрсатиладиган томоша, спектакль назарда тутилади. Айни пайтда, мустақил санъат тури бўлиб, унинг ўзига хос ифода воситаси, актёрнинг омма олдидаги ўйини жараёнида юзага келадиган саҳнавий воқеалардан таркиб топади. Бошқа санъатларда бўлганидек, театр санъатида ҳам халқ ҳаёти, тарихи, дунёқараши акс этиб, жамият тараққиёти, маънавияти, маданияти билан боғлиқ ҳолда ўзгариб, такомиллашиб боради. Театр асосида ёзма ёки оғзаки драматургия ётади. Театр санъати синтетик санъат бўлиб, жамият ҳаётида томошабинларнинг маънавий ва эстетик тарбиясида муҳим ўрин тутади. Унда драматургия, мусиқа, тасвирий санъат, рақс, меъморлик ажралмас бирликни ташкил этади. Театр санъатининг муҳим воситаларидан бири – саҳна нутқидир. Актёр қаҳрамоннинг пьесадаги сўзларини ўзлаштириб олар экан, қаҳрамон қиёфасида, ҳолатларда туриб унинг нутқий тавсифини яратади, бошқа персонажлар билан мулоқотга киришади. Саҳна нутқи ҳаракатларнинг очилишида, асар мазмуни, конфликтининг ёритилишида муҳим ўрин тутади.