Румий маснавийси юзлаб ҳикоят, ривоятлардан ташкил топган бўлиб,
Қуръон ва минглаб ҳадисларга таяниб ёзилган.
“Маснавийи маънавий” олти дафтардан иборат . Ундаги ҳикоятлар халқ
турмушининг турли жабҳаларини акс эттирган. Ҳикоятлардаги қаҳрамонлар у
файласуф, муршид, шайх ёки оддий меҳнаткаш аҳоли бўлсин, инсонга ибрат
бўла олади, тўғри йўл танлашга ёрдам беради. Маснавийнинг айрим
жиҳатларига назар соладиган бўлсак, “Тилшунос ва қайиқчи” ҳикоятида
тилшунос олим тимсолида кибр-ҳавога берилган инсон тасвирланган.
Деди: ҳеч наҳв ўқидингму? Деди: ло.
Деди: умринг ярми топмишдир фано [1, б. 269]
Тилшуноснинг ушбу сўроғи орқали кемачининг қалби ўксиди. Ҳақиқий
илмга эга бўлган инсон ҳаволанмайди. Такаббурлик қилмайди. Ўз сўзимизнинг
исботи сифатида “Маснавий 40 ривоятига шарҳ” китобида берилган қуйидаги
фикрни ҳукмингизга ҳавола этмоқчимиз: “Мавлоно Жалолиддин Румий илми
билан мағрурланган одамни ҳажв қиладилар. Тилшунослик (наҳв, граматика)
тўғри фикрлаш, тўғри тушуниш ва тўғри ёзиб, гапириш учун, шубҳасиз,
ниҳоятда керакли илм соҳасидир. Бироқ илм назарияда қолиб, амалиётга тадбиқ
қилинмаса фойдасиз.[5, б.62]
Ҳикоятдаги тилшунос образини олайлик, бир қараганда у ўқимишли шахс
бўлиб кўринади. Наҳв илмини пухта эгаллаган. Билими ўзга кишиларникидан
юқори. Шу ўринда бир савол туғулади. “У оддий инсон сифатида қандай? Хўш,
эгаллаган илми унинг ҳаётини сақлаб қолишга ёрдам берадими?” Жавоб эса
аниқ.
Ҳар нафас денгизда сузмоқлик хатар,
Бетиним денгизда сузган ғарқ бўлар.
Қўй бу сузмоғингни тарк эт кибру кийн,
Денгиз ул дарё эмасдир, ўйлагин.[5, б.96]
5
Инсон дунёга келади, яшайди ва охири вафот этади. Бу янгилик эмас.
Инсон ҳаётида наҳв илмидан кўра маҳв илми катта рол ўйнайди. Гап
хотимада.“Маҳв” илмининг охири Аллоҳнинг амри, севгиси олдида ҳар
нарсани ортга сура оладиган етукликка эришмоқдир.[5, b.63]
“Бир шоир қиссаси” ҳикояти ҳам анча фалсафий мушоҳадаларга бой.
Шоир мақтов эшитиш учун подшога атаб шеър ёзди. Ҳасан отлиғ вазир сабабли
керагидан ортиқ мукофотга эга бўлди. Бироқ йиллар ўтиб, муҳтож аҳволга
тушганда яна подшони таърифлаб шеър ёзади. Алал оқибат янги вазир туфайли
ҳеч вақога эришмайди.
Дарҳақиқат, инсон хоҳ яхши, хоҳ ёмон кунда бўлсин, энг аввало, Аллоҳга
суянмоғи лозим. Ҳикоят қаҳрамони бандадан эмас, Яратгандан сўраши ва бунга
ўзи ҳаракат қилиши керак эди. Мушкулларимизни осон қилгучи фақат ўзи.
Аллоҳ инсонни яратди. Уни улуғлади. Жаннатга киритди. Осонликча
эришилган бахтни қадрига етмагач, мукофотдан маҳрум бўлди, яъни жаннатдан
чиқариб юборилди. Лекин шундай бўлса ҳам ҳамиша Аллоҳ Одам авлодларини
мушкулини осон қилган, кечирган, оддий амаллар билан ҳам кўплаб савобларга
эга бўлишимизни таъминлаб келган. Инсонни хом сут эмган банда деймиз.
Гоҳида нажотни нажот берувчидан эмас, балки бандалардан сўраймиз. Аслида
бу тўғри эмас. Бизни бекаму кўст бахтга етказувчи, ризқимизни берувчи,
фалокатлардан асровчи фақат Аллоҳдир.
Шу ўринда вазир тимсоллари ҳам эътиборимизни тортади. Иккиси ҳам
Ҳасан. Исм бир, амал бир, аммо юрак бошқа. Бу исмнинг маъноси “чиройли,
“гўзал”, “аъло” демакдир. Биринчи вазир илм аҳлини ҳурмат қиладиган, уларга
кўмак берувчи, қўллаб-қувватловчи шахс. Иккинчиси эса бунинг акси. Зиқна,
илм нелигин англамайдиган, меҳнатни қадрламайдиган кимса. Бу ўринда адиб
таъмагир, лаганбардор, нафс бандаси бўлган ижодкорларни қораламоқда.
Ахир азалдан давлат бошқарувида вазир ҳукмдор билан ёнма-ён қўйилган.
Подшо бош бўлса, вазир бўйин бўлган. Бошни ҳаракатга келтириш бўйиннинг
вазифаси. ХI асрда яшаб ижод етган шоир, мутафаккир, давлат арбоби Юсуф
Хос Ҳожиб ҳам ўзининг “Қутадғу билиг” асарида Давлат рамзини ҳукмдор
тимсоли билан ифодаламасдан, вазир - Ойтўлди орқали очиб берган. Доно
вазирлар туфайли мамлакат гуллаб-яшнайди. Агар подшонинг суянган тоғи
иккиюзаламачи, жоҳил, илм-маърифатдан йироқ шахс бўлса, давлат таназзулга
юз тутади, халқ қашшоқ, маърифатдан йироқ бўлади.
Шунингдек, шоир “Фирдавсий Тусий” ҳикоятида жуда катта илмий-
фалсафий фикрни илгари суради. Ривоятлардан маълумки, Фирдавсий
вафотидан сўнг, уни зардуштийликни таърифлаган деб шайхулислом
мусулмонлар қабристонига дафн етишга рухсат бермайди. Дўстлари ва
фарзандлари шоирни ўз боғига қўядилар. Кунлардан бир кун шайхулислом туш
кўради.
Фирдавсий
жаннатда
ҳуру
ғилмонлар
қуршовида
юрганмиш.Шайхулислом унинг бу мартабага қандай эришганлигини сўрайди.
Шунда шоир халқ қалбини шеърият нури билан ёритгани, халққа маърифат
улашгани учун Аллоҳ таоло сийлаганини айтади.Фирдавсийнинг жавобидан
кейин шайхулислом пушаймон бўлади.
6
Ҳикоят охирида Румий Аллоҳга мурожаат қилиб, мени ҳам Фирдавсий
сингари ўз меҳрингдан бенасиб етмагин. Зеро мен ҳам халқим қалбига
шеъриятим билан маърифат нурини жо қилишга интилиб юраман, деб илтижо
қилади.
Шоир фикрича, илм-фанни, маънавият ва маърифатни инсон дўстлик,
ватанпарварлик, халқ тарихи, қаҳрамонлигини васф этиш, таъриф, тавсиф этиш
жуда катта савоб ишдир. Фирдавсий ҳам ана шу ватанпарпарлик, инсоннинг
инсонга, ҳаётга меҳр-муҳаббатини тараннум этгани учун жаннатий бўлган.
Мавлоно асарлари юксак бадиияти билан ажралиб туради. Унинг
ҳикоятларини бир ўқишда тушуниш мушкул. Фалсафий қарашларга бой бўлган
асар мағзини чақиш учун чуқур билимга эга бўлиш зарур. Биз диний ва
дунёвий илмдан хабардор бўлсак, мажозий ва тасаввуфий рамзларни қандай
маънода қўлланганини англаб етамиз. Ҳаётда кўплаб қарама-қаршиликларнинг
бўлиши, умримизнинг абадий эмаслиги, инсон, унинг руҳий олами, коинот,
сўнгги кун бўлмиш - ўлим, шоир ҳикоятларида ранг-баранг кўринишларда
тасвирланган.
Шуни таъкидлаш зарурки, башарият томонидан “Маснавийи маънавий”
асари юксак эътироф этиб келинмоқда. Румий ижоди замирида Аллоҳга бўлган
муҳаббат, илм-маърифатга ошнолик инсон ва унинг ўзига бўлган ишончи
ётади.Улар улкан тарбиявий, таълимий моҳиятга эга.Биз уларни қанча кўп
ўқисак, шунча маърифат оламиз.
Достарыңызбен бөлісу: |