Ишчи ўқув режа – бир ўқув йили давомида ўқув жараёнини ташкил этиш (шу жумладан, профессор-ўқитувчиларнинг юкламасини ҳам ҳисобга олиб) учун мўлжаллаб тузилади. Ишчи ўқув режа университет Кенгаши қарори асосида раҳбарият томонидан тасдиқланади.
Ишчи ўқув режа ва индивиудал ўқув режани ишлаб чиқиш шакли, тузилмаси ва тартиби таълим муассасаси томонидан мустақил танланади.
Ишчи ўқув режа қуйидаги фанлар гуруҳини ўз ичига олади:
мажбурий, кетма-кет ўқитиладиган (а);
мажбурий, кетма-кет ўқитилмайдиган (б);
танлов бўйича (в).
Исталган циклдаги фан:
(а) мажбурий ва ўрнатилган кетма-кет тартибда;
(б) мажбурий, бироқ исталган семестрда танланиши;
(в) одатдаги электив курс тарзида ўрганилиши мумкин.
Индивидуал ўқув режалар эса, семестр ёки ўқув йили бўйича талабаларнинг индивидуал таълим траекториясини белгилаб беради.
Ҳар бир талаба мустақил ёки маслаҳатчи (тьютор) ёрдамида намунавий режа асосида ўзининг йиллик индивидуал режасини тузади. Унга информацион пакет (таняч ўқув режаси (электив фанлар католиги билан бирга), ўқув дастурлари, ўқув машғулотлари турлари, маслаҳатлар графиги) билан танишиш имконияти берилади.
Ҳар бир талабанинг индивидуал режаси факультет декани билан келишилади ва ўқув-услубий бошқармага тақдим этилади. Агар талаба ўзининг индивидуал режасини тасдиқлатмаса, у ишчи ўқув режа бўйича шуғулланиш ҳуқуқига эга.
Таянч ўқув режасига қўшимча равишда танлов бўйича компонентга таллуқли барча фанларнинг мақсади, қисқача мазмуни (асосий бўлимлари), ўрганишдан кутиладиган натижалар (талабалар ўзлаштирадиган билим, кўникма, малака ва компетенциялар) аннотация кўринишида берилган электив фанлар каталоги ишлаб чиқилади.
Электив фанлар каталогида ҳар бир фан бўйича пререквизитлар (Prerequisite) ва постреквизитлар (Postrequisite) ўз аксини топади. Пререквизитлар талаба ўрганиши кўзда тутилган модул бўйича қандай зарур билим, кўникма ва малакаларга эга бўлиши талаб этилишини, постреквизитлар мазкур модул якунланганидан сўнг, яна қайси фанларни ўзлаштириш зарурлигини белгилаб беради.
Таълим муассасаси ўқув жараёнини тўлиқ ахборот манбалари билан таъминлайди: дарслик, ўқув қўлланмалар, методик қўлланмалар ва ишланмалар, мустақил иш бўйича тарқатма материаллар ва кўрсатмалар, электрон дарсликлар, тармоқ ресурслари.
Модуллар бўйича дастур (Syllabus) қуйидаги компонентларга мувофиқ ишлаб чиқилиши лозим: Модулнинг номланиши.
Таълим олувчилар ва профессор-ўқитувчиларнинг биргаликдаги ҳамкорлик фаолияти (ўқув машғулотлари турлари бўйича) ва мустақил ишга ажратилган ҳам академик ва асторономик соатлар, ҳам кредит бирликларида кўрсатилган фаннинг ҳажми.
Ўқув машғулотлари турларига ажратилган соатлардан келиб чиқиб структуралаштирилган модуллар мазмуни.
Мустақил ишларни бажариш учун мўлжалланган ўқув-методик таъминот рўйхати.
Асосий ва қўшимча адабиётлар рўйхати.
Модулни ўзлаштириш учун тавсия этиладиган электрон ресурслар рўйхати.
Модулни ўзлаштириш бўйича мўлжалланган методик кўрсатмалар.
Модулни ўқитиш жараёнида қўлладиган ахборот технологиялари, дастурий таъминот ва маълумот-қидирув тизимлари рўйхати.
Модул бўйича таълим жараёнини амалга ошириш учун зарур моддий-техник база тавсифи.
Кредит-модул тизимига асосланган ўқув жараёнини ташкил этиш қуйидаги тартибга асосланиши лозим:
ҳар бир танлов компонентига тегишли модул бўйича факультет деканати уни ўқитиш учун зарур бўлган талабаларнинг минимал, ўқитувчи учун эса ўқув потоки (гуруҳ)даги талабаларнинг максимал миқдорини белгилайди;
агар модул бўйича белгиланган муддатда ўқиш истагини билдирган талабалар сони белгиланганидан кам бўлса, фан ўқитилмайди (ўқув режага киритилмайди);
деканат бу ҳақида мазкур танлов компонентига тааллуқли модулга ёзилган талабаларга маълум қилади, улар индивидуал режасига киритилган ўзгариш ҳақида қайта ариза бериши керак;
агар танлов модулини ўрганишга ёзилган талабалар сони белгиланган миқдордан ошиб кетса, яна битта поток (гуруҳ) очилади.
Кредит-модул тизимига доир илғор хорижий тажрибалар таҳлили республикамизда меъёрий таъминотни ишлаб чиқишда мазкур тизимнинг маълум бир элементлари қўлланилиб келинаётганидан гувоҳлик беради. Асосий масала эса иккита жиҳатни эътибордан четда қолдирилаётганида кўринади: танлов компоненти бўйича модулларнинг мустақил танлаш амалиётининг йўқлиги ва талабаларнинг ўзлаштириш натижаларини баҳолашнинг шаффоф тизимининг йўлга қўйилмаганлиги.
Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, кредит тизимининг асосий элементи сифатида ўқув жараёнини индивидуал йўналтирилган тарзда ташкил этиш ва педагогик менежментнинг устувор тамойилларига асосланиб ўқув фаолиятини баҳолашнинг рағбатга асосланган балл-рейтинг тизими акс этади. Ҳаммамизга маълумки, республикамизда 2018-2019 ўқув йилидан талабаларнинг ўқув фаолияти натижаларини баҳолашнинг рейтинг тизими ўрнини яна “эскича” баҳолаш шкаласи эгаллади: “5”, “4”, “3”, “2”. Бундай баҳо шкаласи шунчаки талабаларнинг дарслик ва ўқув қўлланмалар ёки маъруза машғулотларидан олган маълумотларининг “трансляция”сини аниқлашга йўналтирилган, холос. Энг қизиғи, талабаларнинг жорий ўзлаштириш кўрсаткичлари умуман ҳисобга олинмаган ҳолда, оралиқ назорат баҳоси фақат якуний назорат топшириш имконини беради. Якуний назоратда олинган баҳо талабанинг фан бўйича ўзлаштириш даражасини белгилайди. Бу эса, профессор-ўқитувчини талабаларнинг мустақил ўқиб-ўрганиши бўйича уларнинг интеллектуал ривожланиш даражаси, эрудициясини баҳолаш имкониятини чегаралаб қўймоқда. Кредит-модул тизимининг рейтинг-баллга асосланган баҳолаш шкалаларидан фойдаланиш ўрганилаётган мавзулар бўйича талабаларнинг эркин фикр алмашинуви, мантиқий, аналитик ва алтернатив тафаккурини ривожлантириш, уларни пассив тингловчидан фаол иштирокчига айлантиришга ёрдам беради.
Демак, кредит-модул тизимида талабаларнинг билимини текшириш рейтинг-балл тизимида амалга оширилади ва қуйидагиларни ўз ичига олади:
оралиқ аттестация (назорат ишлари, бўлимлар бўйича тестлар, курс ишлари ҳимояси ва бошқалар);
оралиқ аттестация (фан бўйича якуний тестлар, имтиҳон, якуний аттестация).
Ўқув семестри якуни бўйича талабалар томонидан оралиқ назорат ва илмий-тадқиқот ишларини бажариш натижасида олинган баллар якуний аттестация(синов иши ёки имтиҳон) натижалари билан бирга қўшиб ҳисобланади ҳамда модул бўйича рейтинг баҳосини шакллантириш учун умумлашган баллар миқдори сифатида хизмат қилади. Ўқув режасидаги ҳар бир фан бўйича ўзлаштириш самарадорлиги 100 балл билан баҳоланади кредитлар тўплашнинг европача тизими (European Credit Transfer System) кўра, икки босқични ўз ичига олади.
Биринчи босқич – профессор-ўқитувчининг семестр давомида ўрганилган модуллар бўйича талабаларнинг якуний ўқув фаолиятини баҳолаш (максимал 100 балл асосида). Биринчи босқичнинг тузилиш мантиқи ва оралиқ назорат, мустақил ишлар ҳамда талабаларнинг машғулотдаги иштирокининг тўлиқлиги ва сифати учун талабаларга ажратилган баллар кафедра томонидан белгиланади. Талабаларнинг семестр давомида бажарадиган мустақил ишлар режаси, топшириқлар сони тьютор-ўқитувчи ва кафедра томонидан кўриб чиқилади ва бажарилган ишлар натижалари баллда қўйилади. Бажарилган топшириқлар ҳимояси ўрганилган модул доирасида талабаларнинг билимларини назорат қилишни кўзда тутади.
Модуллар бўйича ўзлаштириш сифатини баҳолашнинг иккинчи босқичи – имтиҳон (100 балл) ўтказиш асосида талабалар билимини баҳолаш. Модулни ўзлаштириш даражасини иккита босқичи бўйича тўпланган баллар 2 га бўлинади ҳамда баллар сони халқаро миқёсда эътироф этилган ҳарфлар орқали баҳолаш (ECTS) шкаласи ва унинг миллий сонли эквивалентига ўтказилади. ECTS шкаласи талабаларнинг ўзлаштиришини статистик асосда баҳолайди. ECTS шкаласи бўйича баҳони аниқлаш учун ҳар бир модул бўйича ўзлаштириш рейтингини ўтказиш зарур. Талабанинг рейтингдаги ўрни бўйича қуйидаги ижобий баҳоларни олади:
ECTS шкаласи бўйича баҳо
Ўқув фаолиятининг барча турлари бўйича баллар йиғиндиси
Миллий шкала бўйича баҳолаш
Тавсифи
A
90-100
“Аъло”
Топшириқларни айрим ноаниқликларни ҳисобга олмаганда аъло даражада бажарган
B
80-89
“Яхши”
Топшириқлар айрим ноаниқликларни (10%гача) ҳисобга олмаганда тўғри бажарилган
C
75-79
Топшириқлар айрим ноаниқликларни (15%гача) ҳисобга олмаганда тўғри бажарилган
D
70-74
“Қониқарли”
Ишни ёмон бажармаган, бироқ етарли даражадаги камчиликларга йўл қўйган
Мажбурий равишда модулларни қайта ўзлаштириш зарур (комиссияга қайта топширади)
Мазкур аттестация жараёнларини ўтказиш учун қуйидаги тартибга амал қилинади:
ўқув-услубий бошқарма тегишли таълим йўналишлари ва мутахассислар учун умумий аттестация графигини ишлаб чиқади;
факультет ва кафедрлар – ҳар бир фан бўйича БРТ(балл-рейтинг тизими)нинг аниқ шрафиги ва қоидаларини ишлаб чиқади);
оралиқ аттестация натижалари бўйича талабаларга кредит қўйилади;
оралиқ ва якуний аттестациядан ўтмаган талабаларга қайта топширишга рухсат берилмайди;
оралиқ ва якуний аттестация натижалари асосида факультет талабаларнинг академик рейтингини эълон қилади.
Ўзлаштириш ва талабалик мақоми қуйидаги кўрсаткичлар асосида белгиланади:
бир семестр давомида талабалар индивидуал режасида белгиланган фанлар, шу жумладан (а) гуруҳ фанларини ҳам қўшганда 25 кредиттўплаши зарур;
агар талаба семестр давомида 20 дан кам кредит тўпласа, шунингдек, (а) гуруҳдаги фанлари 100 % ўзлаштирса, у ҳолда у кейинги семестрда ўқиш имкониятини автоматик равишда қўлга киритади;
агар талаба 20 дан кам кредит тўпласа, у автоматик талабалар сафидан чиқарилади;
ўз хоҳиши (деканат рухсати билан) талаба (а) гуруҳ фанлардан зарур кредитни тўплай олса, аввалги курсда қайта ўқишни тиклаши мумкин.
Кредит-модул тизимида профессор-ўқитувчига ўқитиш методикасини эркин танлаш ҳуқуқининг тақдим этилиши модул ва ўрганилаётган мавзу хусусиятидан келиб чиққан ҳолда машғулотларни талабаларнинг қарорлар қабул қилишида масъулиятни ўз зиммасига олишини таъминлайдиган амалий вазифаларни бажариши, ролли ўйинлар кўринишида ўтказиш имконини беради. Бундай ўқитиш методикаси нафақат билимлар сифатини, балки эгалланган билимларни қўллай олиш даражасини баҳолаш, педагогик тактикага асосланиб, оператив қарорлар қабул қилиш лаёқатини ривожлантиришга ёрдам беради.
Яна бир жиҳатни таъкидлаб ўтиш лозимки, кредит-модул тизими талабаларнинг академик билимларга эга бўлишини инкор этмайди. Фақат билимларни мустақил ва онгли ўзлаштириши, вариатив топшириқларни бажариш ва амалда қўллаб кўриш орқали касбий компетентликка эга бўлишини рағбатлайди. Албатта, мазкур тизим профессор-ўқитувчидан катта назарий ва амалий тайёргарликка эга бўлиш, методик пакет(назарий материаллар, ўқув топшириқлари, назорат саволлари)ни юқори савияда ишлаб чиқиш малакасини талаб этади (Тайёр маълумотлардан фойдаланиб, “хўжакўрсинга” дарс ўтиб юрган домлалар бир оз қийналиши табиий. Шу ўринда раҳбар-ходимларга ўқитувчининг инновацион хулқ-атвор моделини ўзлаштириб олишларини тавсия этамиз. Агар янгиликка баъзи профессор-ўқитувчилар норозилик билдиришса, буни табиий жараён деб қабул қилинг! Уларга консерватив сифатида қараманг!).
Материалларни таҳлил этиш асосида кредит-модул тизимида профессор-ўқитувчининг 1 штат бирлиги учун умумий юкламаси максимал 900 соат, яъни 25 кредитни ташкил этишини кўрсатади. Мавжуд штат бирликлари билан таққослаганда катта фарқ мавжуд эмас. Бироқ амалдаги вақт меъёрлари билан солиштирганда барча профессор-ўқитувчиларнинг аудитория машғулотлари 400 соатдан кам бўлмаслиги керак, деган қоидани қайта кўриб чиқишни тақозо этади. Кредит-модул тизимида лавозим билан боғлиқликда кредитлар бирлигининг фарқланиши кўзга ташланади.
Ловозим бўйича профессор-ўқитувчиларнинг 1 штат бирлиги бўйича вақт меъёри(аудитория соатлари, маслаҳат, курс ва битирув иши, амалиётга раҳбарлик, магистрлик диссертацияси, илмий-педагогик ишга илмий раҳбарлик) қуйидагича тақсимланади:
- ўқитувчи учун – 25 кредит;
- катта ўқитувчи учун – 22 кредит;
- доцент учун – 19 кредит;
- профессор учун – 14 кредит.
Эслатма: айнан кредит-модул тизимида ташаббускор ва инновацион фикрлаш қобилиятига эга профессор-ўқитувчилар ўртача иш ҳақидан 40-50 % юқори ойлик олиш имконини қўлга киритадилар. Бу эса профессор-ўқитувчилар ўртасида соғлом рақобатни юзага келтиради. Танлов компоненти бўйича модуллардан дарс ўтадиган ҳар бир профессор-ўқитувчи талабаларни ўқишга қизиқишини ошириш, интернал мотивацияни ҳосил қилиш орқали унга кўпчилик талабалар ёзилишига интилади. Профессор-ўқитувчининг бундай иштиёқи нафақат ижобий имижга эга бўлиши, балки моддий фаровонлиги учун ҳам хизмат қилади.
Юқорида биз ўқитишнинг кредит-модул тизимининг афзалликлари ва имкониятларига доир асосий жиҳатларни ёритиб бердик. Мазкур тизимга хос ўзига хос хусусиятлар, ўқув жараёнида юзага келиши мумкин бўлган қийинчиликлар, муаммолар ва уларни бартараф этиш йўлларини кейинги мақолаларимизда баён этиб борамиз.
Б.Ходжаев,