Адабий таълим (Ўқиш)нинг мақсад ва вазифалари
Адабий таълим ўз олдига бир қатор мақсадларни қўяди. Мажбурий таълим тизимидаги адабий таълим асосан соф илмий мақсадларни эмас, балки маънавий-ахлоқий йўналишлар устуворлигини кўзда тутади. Ўқувчилар миллий адабиётнинг, шунингдек, жаҳон адабиётининг энг сара намуналарини ўқиш ва таҳлил қилиш асосида эзгулик ва ёвузлик, яхшилик ва ёмонлик, гўзаллик ва қусур ҳақидаги хилма-хил талқинларга дуч келишади, уларга онгли ва жонли муносабат билдиришади, шулар асосида ўзларидаги ахлоқий-маънавий фазилатлар мажмуининг шаклланиши ва ривожига имкон топишади. Уларга нисбатан очиқ ҳаётий муносабатларни акс эттириш зарурияти эса ўқувчилар оғзаки ҳамда ёзма нутқларининг ривожида муҳим омил вазифасини адо этади.
Ўқувчилар турли давр ва мамлакатларда яратилган , турлича дунёқараш ва эътиқодларни акс эттирган, бадиий асарларнинг энг юксак намуналари билан танишиб борадилар. Шулар асосида уларда олам ва одамларнинг ранг-баранглиги, уларнинг такрорланмаслиги, айни пайтда оламнинг, бутун башариятнинг бир бутунлиги ҳақидаги тасаввур ва қарашлари шаклланиб, кенгайиб, мустаҳкамланиб боради. Энг муҳими, у олам ва одамга тегишли бўлган барча ҳодисаларга эмосионал (ҳиссий) муносабат билдира оладиган даражага кўтарилади, қарашлар, дунёқарашлар, нуқтаи назарлар хилма-хиллигини кузатиш имконига эга бўлади.
Достарыңызбен бөлісу: |