www.ziyouz.com кутубхонаси
66
керак.
— Бемаврид қартайиб қолган одамга ўхшайсиз, Анвар.
Анвар кулимсираб:
— Балки, — деди.
Хиёл жимликдан сўнг Бўтакўз туришга чоғланаркан:
— Айтмоқчи, сиз менга ваъда бермадингизку, эрталаб чўмилгани борасизми? — деди. —
Биласизми, эрталаб чоғи кўл суви қандай бўлади — янги соғилган сутдек илиқ, сутдек майин!
Анвар чап кўксини сийпалаб:
— Айтганман-ку, менга мумкин эмас, — деди. — Қўйинг, тавонимга қолишингиз мумкин.
— Анвар, — докторларга ишонманг!... Улар мени йигирма йил алдашди туғма юрак ўйноқи
касалинг бор, деб. Йигирма йил-а!.. Мен барибир уларга ишонмай, қишин-ёзин
чўмилаверганман. Ана, ўзингизнинг хабарингиз бор-ку, уч кун қаторасига япон аппаратида
текширишиб, ҳеч қачон сиз юрак ўйноқи касали билан оғримагансиз, дейишди.
— Менинг юрагимда чоклар бор экан-да...
— Гапирманг!.. Уларга эмас, кўпроқ Кашпировскийга қулоқ солиб, кўпроқ чўмилиш керак,
Анвар, — деб Бўтакўз ўрнидан турди. — Эрталаб чўмилгани борамиз-а?
— Кўрамиз.
Бўтакўз хуш-хуррам жилмаяркан, эшик томон юриб:
— Эрталаб уйғотаман барибир, — деди. Анвар индамади.
— Яхши тушлар кўринг, Анвар!..
— Ташаккур!..
Анвар эшикни қулфлади. Ортига қайтди. Стол устидаги китобларга нигоҳ ташлаб, хазин
энтикди.
... яна бир кеча ҳаром бўлди. Эсиз!..
Пешайвонга чиқди.
Ҳаво салқин, майин. Осмон эса юлдузлар билан чароғон. Ана, бир юлдуз визиллаб учиб,
Маъшуқ қояси ортига ўтиб кетди. Ногоҳ кўл томонда сув шалоплаб, бир ҳовуч кумуш танга
сочворилгандек, узоқдан ой нурида томчилар ялтиради.
Анвар хонага қайтаркан, бугун самарқандлик бир хонимча қўярда-қўймай анавинақа видео-
кинога бошлаб кирганини ва кинодан қочиб чиққанию, сўнг кунбўйи ғашланиб юрганини
эслади.
... қўтир эчкига ўхшамай ўлинглар-э! Тавба, нега булар бунақа-я!... Агар шу кунларда
кўрган-кузатганларимни бир ҳикоя қилиб ёзсам, ҳойнаҳай жипириқилардан балога қолиб
кетармано-ов!.. Лекин нимадир ёзмаслик... Ў, халқ бало, халқ доно айтсам ўлдирурлар,
айтмасам ўлим!
Анвар шартта китоблар устидан дафтарни олди. Очди. Одатича, сатр бошидан уч юлдуз
қўйиб, ёза бошлади.
* * *
Ҳикоя... Ҳикояда мақсад-муддао бўртиқлиги — сиқиқлик-ўқувтани эзиб қўйиши мумкин.
Мен шундай бир роман ёзишим керакки, унда воқеалар аралаш-қуралашлигидан гап нима
ҳақда бораётганлигини дафъатан андай-мундай китобхон англаб етолмасин, токи у ҳаёт қадар
бемаъни, ҳаёт қадар бешафқат бўлсин.
* * *
Ўз лаёқатини билолганлар — бахтиёрдирлар.
Қуёш фасли. Ҳикоялар
Достарыңызбен бөлісу: |