ЎЗБЕК ТИЛИ
(Умумий таълим мактаблари учун)
вариант
Қуйида берилган икки матнни ўқиб, топшириқни бажаринг.
А матни: монографиядан парча
Оила интизоми жамият ва давлат интизомининг негизидир. Чунки оилада интизом туйғуси шаклланган киши давлат ва жамият ишида ҳам шу туйғу соҳиби сифатида хизмат қилади, давлат қонунларига чап беришни хаёлига ҳам келтирмайди, ҳар бир ишни ўз жойида ва ўз вақтида белгилаб, тартиб асосида бажаради. Бундай интизом ва тартиб бутун халқ ва миллатнинг шарафига айланади. Оиланинг ҳар бир аъзосига хос ахлоқ ва шу асосдаги ички интизом маданияти, ўз бурчи ва масъулиятини англаш билан бирга, улар оилавий муҳитда ўз ўрнини белгилай олиши, оилавий муносабатларини ҳурмат қила билиши, оила иқтисодий имкониятларини ҳисобга олган ҳолда иш юритиши, оила манфаатдорлигини таъминлашга интилиши, оила шаънини шарафлаш каби хислатларнинг шаклланишига ёрдам беради.
Оила ахлоқий маданияти қанчалик бой, теран ва чуқур бўлса, жамият ҳам шу қадар бой бўлади. У ёки бу халқнинг миллат сифатидаги ўзига хослиги ҳам шу миллий ахлоқий маданиятида жилоланиб туради.
Оила ахлоқий маданияти – жамиятнинг муҳим ижтимоий институти бўлган оиланинг тўлақонли ва мукаммал фаолият юритиши учун эр ва хотин, ота-она ва фарзандлар ўртасида биргаликда ҳаёт кечириш ва зарур муносабатлар ўрнатишдаги ахлоқий кўникмаларнинг ўзига хос мажмуаси сифатида намоён бўлади.
Оила ахлоқий маданияти унинг тарбиявий хусусияти, ундаги муносабатларнинг бевоситалиги ва мустаҳкамлигини умумий муҳитнинг эмоционаллиги билан уйғунликда эканлигида кўринади. Фақат оилада фарзандлар катталардан малака, билимларни ўзлаштирадилар, катталар эса, ўз ҳаётларида босиб ўтган йўлларини фарзандлари орқали қайта барпо этадилар. Оилавий муҳит ўзига хос, уникал бўлиб, унинг ҳар бир аъзоси янги авлодда мустаҳкам ва барқарор соғлом оилани барпо этишга масъулдир.
В матни: интернет манбаларидан
Оилада мукаммал тарбия кўрган, мустақил фикри ва кенг дунёқарашга эга бўлган фарзанд ўзининг тарбияси, меҳнатсеварлиги, хулқу одоби билан ҳамиша бошқаларга ўрнак бўлиб келган.
Аёллари тарбияли ва илмли бўлган халқнинг фарзандлари ҳам тараққиётга интилувчан, фан ва дунё янгиликларини тез ўрганиб, ўз ҳаёти давомида фойдали амаллар қила оладиган, шижоатли ва ғайратли бўлиб вояга етишган. Ҳеч қачон ёддан чиқармаслигимиз керак, туркийлардан етишиб чиққан буюк алломалар ва саркардаларни хулқу одобда, илму маърифатда тенги йўқ оналар тарбиялаб, вояга етказганлар.
Меҳр-оқибат, катталарга ҳурмат, олижаноблик, меҳнатсеварлик каби хислатлар оилада барқарор бўлса, вояга етаётган фарзандда ҳам шу хусусиятлар шаклланиб боради.
«Қуш уясида кўрганини қилади». Асрлар давомида тилдан-тилга кўчиб келаётган бу мақол замиридаги ҳақиқатни англашимиз зарур. Бола биринчи навбатда ота-онасидан ўрнак олади, улар нима дейишса, шуни қилади. Аммо ҳар ким ўз муаммоси билан овора бўлган бугунги кунда оила бутунлигини сақлаш, болаларга керагича меҳр бериш ҳам қийин бир юмушга айланиб қолган. Фарзандлари тарбияси учун ҳатто вақт ажрата олмайдиган, ота-оналик бурчини унутиб қўйганлар ҳам, афсуски, топилади. Айниқса, оналарнинг бу борадаги бурч ва масъулияти катта. Шу боис, илмли аёллар фарзандларига замон талабига мос тарбия беришдек юксак вазифани зиммаларига оладилар. Бу шарафли ва улуғ вазифа эканлиги баробарида, машаққатли меҳнатни ҳам талаб қилади.
Достарыңызбен бөлісу: |