www.ziyouz.com кутубхонаси
3
Шу топда у дур бойлаган сумбул синиқларини ушлаб туриб, ўша воқеаларни бир-бир
эслади. Кўнгли ҳам қувонч, ҳам алам билан ўртанди. Қосим ака елкада сочиқ, қўлида чойник
билан чиққанда у ана шундай ўйлар билан банд эди.
— Оббо, дўхтир ука-е, муни қаранг-а, кўришарканмиз-а. Тинч-омонмисиз? Эсингиздами,
Сумбулсойдан қайтганингизда, бизникида тунаган эдингиз, ўзим армияга кузатиб қўйган эдим.
Қосим ака асли деновлик бўлиб, ўтин кесиш учун Сумбулсойга атайин борарди. Бир кун
ёнғоқзорда саржин кесаётганда қорнини чангаллаб ётиб қолади. Икки йигит замбилда уни
амбулаторияга олиб келишганди. Ваҳобжон қараса, кўричаги тутиб қолган экан. У умрида
операция қилмаган. Аммо уни дарров операция қилмаса, нобуд бўлиши аниқ эди. Ваҳобжон
таваккал қилиб операция қилади. Қосим ака омон қолади.
Ваҳобжон қишлоқдан қувилганда, Деновга келиб, шу кишининг уйида тунаган эди. Мана,
бемаҳалда у билан яна учрашиб қолди.
— Сиздан ўла-ўлгунча қарздорман. Қўлингиз енгил экан. Мутлақо тузалиб кетдим. Урушга
ҳам бориб келдим. Икки орден, уч медаль олдим. Хўш, энди сўраб қўяй: биз томонларга сизни
қайси шамол учирди?
— Қизим шу ерда. Икки ой бўлди ишга келганига, Душанбадан қайта туриб қизимни кўриб
ўтай, дедим.
— Шунақами? Қани, чойга қаранг. Сиз бор пайтларингизда бунақа хурмолар йўқ эди,
шекилли. Ҳозир ҳаммаёқ хурмозор, лимонзор бўлиб кетган. Ҳали Сумбулсойга йўлингиз
тушмагандир? Ҳа, ажаб замонлар эди. Сумбулсойда ҳам ўзгаришлар катта.
Телефон жиринглади. Қосим ака трубкани олиб, «йўқ» деб жавоб бердию, яна жойига илиб
қўйди.
— Раисни сўраяпти. Раис Ойбаракка кетган. Ваҳобжон бир бурда нон ушатиб, икки-уч
пиёла чой ичдида, яна ўриидан туриб, ташқарига қаради. Ойдинда арчаларнинг учи балиқ
скелетидек таралиб кўринади. Семон ариқда сув шалдираб оқади. Қайдадир саъва сайрайди.
Осмони фалакда чироғини милтиратиб самолёт кетяпти. Унпнг овози эшитилмайди.
Шу пайт электр лампаси секин-секин хиралашиб, қизил ипдек бўлиб қолди. Сал ўтмай у ҳам
сўнди.
— Шунақа, движок ўн иккигача ишлайди. Худо хоҳласа, бирон ҳафтадан кейин катта симга
улаймиз. Ўшанда кеча-ю, кундуз ёнадиган бўлади. Сим Нурекдан келяпти. Лампа ёқиб
берайми?
— Йўқ, овора бўлманг. Ётаман. Йўлда уринибманшекнлли. Қосим ака қоронғида
тимирскиланиб каравотга жой қилиб бердида, гугурт чақиб, зинадан тушиб кетди.
Ваҳобжон ўрнига ётиб, анча вақтгача кўз юммай, ўй сурди. Бу жойларда кечган
кунларининг ҳаммасини эслади. Кўзига Гулсум кўриниб кетди. Эндн у ёшлигининг унутиб
бўлмас бир парчаси бўлиб кўринарди. Ваҳобжон ўйлаб-ўйлаб, охири ухлаб қолди.
Қизи хат ёзганда, Деновдан қаерга юборишлари ҳали номаълум, деган эди. Эрталаб у шу
ернинг ўзидан район соглиқни сақлаш бўлимига телефон қилди. Қизипи суршнтирди. Унга:
Зарофатнинг Сумбулсой амбулаториясига ишга юборилганини айтишди.
Ажаб, ўзи ишлаган амбулаторияга энди қизи кетибти. Ваҳобжон иккиланиб ўтирмай ўша
ёққа боришга қарор қилди.
Косим ака билан хайр-хўшлашиб гузарга чиқди. Китоб савдоси машинаси Сумбулсойга
кетаёттан экан, шофёрдан илтимос қилган эди, рози бўлди.
Энди у бир вақтлар эшакка тескари миниб қочган йўлларидан кетяпти. Йўл-йўлакай
шофёрни ҳайрон қолдириб, гоҳ кулади, гоҳ қошлари чимирилиб, жиддий бўлиб қолади.
Сел олиб кетган жойлар, тоғдан думалаб тошган харсанглар бўлмаса, йўл яхши бўлиб
кетибди. Онда-сонда янги иморатлар учраб қолади. Олисда эса, қишлоқни бағрига олган асрий
қоялар садаф девор бўлиб турибди.